Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида транзит ва логистика йўналишидаги ҳамкорлик кенгайтирилади
Июнь 11, 2026. 11:00 • 2 дақ
• 81
ОСТОНА, 11 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Афғонистон Савдо ва сармоялар палатаси (ACCI) раҳбари Муҳаммад Карим Ҳошимий билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Қозоғистоннинг “Check-point” интернет нашрига таяниб.
Учрашувда транзит ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, икки давлат ўртасида юк ташиш ҳажмини ошириш чоралари муҳокама қилинди.
Музокаралар давомида юк ташиш самарадорлигини юксалтириш, савдо алоқаларини ривожлантириш ҳамда Ўзбекистон ва Афғонистоннинг транзит салоҳиятидан тўлароқ фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мулоқот чоғида Афғонистон импорти ва Ўзбекистон экспорти учун юк етказиб беришни тезлаштириш, омборхона инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда Ҳайратон ва Найбобод станцияларига олиб борувчи қўшимча темир йўлларни қуриш масалаларини кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, томонлар Афғонистон юкларининг Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит ҳажмини ошириш ҳамда Хитой портлари ва Кўрфаз мамлакатларидан Ўзбекистон транспорт йўлаклари орқали юк ташишни соддалаштириш имкониятларини муҳокама қилди.
Шунингдек, учрашувда Афғонистонда сифат назорати лабораториялари тармоғини кенгайтириш ва логистика компаниялари фаолиятига таъсир кўрсатувчи айрим транспорт харажатларини қайта кўриб чиқиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Музокаралар якунида Афғонистон томони мутасадди тузилмалар билан биргаликда мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳамда транзит, логистика ва минтақавий савдони ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш устида ишлашга тайёрлигини билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси