Россия Давлат думаси бир қатор ҳуқуқбузарликлар учун чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни мамлакатдан чиқариб юбориш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади

Май 14, 2026. 12:25 • 3 дақ

55
Россия Давлат думаси бир қатор ҳуқуқбузарликлар учун чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни мамлакатдан чиқариб юбориш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади

МОСКВА, 14 май. /“Дунё” АА/. Россия Давлат думаси рухсат этилмаган митингларда иштирок этган, Россия армиясини обрўсизлантирган ва безорилик қилган чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни мамлакатдан чиқариб юбориш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “ТАСС” маълумотига таяниб.

Қонун лойиҳаси мамлакат ҳукумати томонидан март ойида киритилган бўлиб, Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритишни назарда тутади. Ҳужжат чет эл фуқаролари учун жарималар ва Россиядан маъмурий чиқариб юборишни белгиловчи алоҳида нормалар пайдо бўлишини назарда тутади.

Қайд этилишича, чиқариб юбориш санкцияланмаган акцияларда иштирок этганлик, қуролли кучларни обрўсизлантириш, мамлакатга санкциявий босим ўтказишга чақирувлар, Россиянинг ҳудудий яхлитлигига қарши қаратилган ҳаракатлар учун қўлланилиши мумкин.

Шунингдек, фавқулодда ҳолат, аксилтеррор операцияси ёки ҳарбий ҳолатни бузганлик, полицияга бўйсунмаганлик, майда безорилик ва транспорт ҳаракатига халақит берганлик учун ҳам чора қўлланилиши мумкин.

Экстремизм ва бузғунчи ахборот тарқатиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар, жумладан, диний рамзларни таҳқирлаш, нафрат ёки адоват қўзғатиш, тақиқланган рамзларни тарғиб қилиш, экстремистик материалларни тарқатиш ва оммавий ахборот воситаларидан терроризмга даъват қилиш учун фойдаланиш учун чиқариб юбориш алоҳида назарда тутилган.

Қонун лойиҳаси Россияга кириш ва бўлиш қоидаларини бузганлик, чет элликларнинг ноқонуний меҳнат фаолияти ва уларни ишга жойлаштиришдаги қоидабузарликлар учун жарималарни оширишни таклиф қилади.

Шунингдек ўқинг

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга маъмурий чиқариб юбориш назарда тутилиши мумкин бўлган 58 та янги ҳуқуқбузарлик таркибини киритиш режалаштирилмоқда.

Давлат Думаси раиси Вячеслав Володиннинг айтишича, чора-тадбирлар зарурати миграция соҳасида тартиб ўрнатиш билан боғлиқ. Қонун лойиҳаси иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилиниб, президент томонидан имзоланган тақдирда, у расмий эълон қилинган кундан бошлаб 90 кун ўтгач кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, Россияда миграция қонунчилигини кучайтириш, айниқса, 2024 йил март ойида “Krokus Siti Xoll”даги терактдан кейин давом этмоқда. Ўша терактда 150 киши ҳалок бўлган ва 600 дан ортиқ киши жароҳатланган.

2025 йил февралдан бошлаб чет эл фуқароларини чиқариб юбориш тўғрисидаги қарорлар нафақат суд, балки ички ишлар органларининг мансабдор шахслари томонидан ҳам қабул қилиниши мумкин.

“Парламентская газета” сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш