Покистоннинг Афғонистон шарқига берган ҳаво зарбалари оқибатида 36 киши вафот этди
Июнь 29, 2026. 18:00 • 2 дақ
• 86
КОБУЛ–ИСЛОМОБОД, 29 июнь. /“Дунё” АА/. Покистон Қуролли кучлари томонидан Афғонистоннинг шарқий ҳудудларига амалга оширилган ҳаво зарбалари оқибатида камида 36 киши ҳалок бўлди, яна 163 нафар киши жароҳат олди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Афғонистоннинг “Бахтар” ахборот агентлигига таяниб.
Маълум қилинишича, ҳаво ҳужумлари 28 июндан 29 июнга ўтар кечаси Покистон билан чегарадош Пактия, Пактика ва Кунар вилоятларида амалга оширилган. Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар орасида аёллар ва болалар ҳам бор. Ҳужумлар натижасида учта турар жой бутунлай вайрон бўлган.
Афғонистон расмийлари мазкур ҳужумларни мамлакат ҳудудига қарши қайта бошланган ҳарбий тажовуз сифатида баҳолаб, Покистон томонининг ҳаракатларини қоралади.
Покистон ахборот ва радиоэшиттириш федерал вазири Атаулла Тарарнинг маълум қилишича, ҳаво зарбалари Афғонистон билан чегарадош ҳудудларда фаолият юритувчи тақиқланган “Теҳрик-и Толибон Покистон” ҳамда “Жамоат ул-Аҳрор” террорчилик гуруҳлари объектларига қаратилган. Унинг сўзларига кўра, амалиёт давомида Покистонда содир этилган қатор террорчилик ҳужумларига алоқадор бўлган 29 нафар жангари йўқ қилинган.
Эслатиб ўтамиз, май ойи охирида Покистоннинг жануби-ғарбидаги Белужистон вилоятида йўловчи поездда содир этилган террорчилик ҳужуми оқибатида камида 24 киши ҳалок бўлган, 70 га яқин киши эса жароҳат олган эди. Поездда Покистон хавфсизлик хизматлари ходимлари ва уларнинг оила аъзолари бўлган.
“Синьхуа” АА сурати
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси