Ли Цзиго: Ўзбекистон Евроосиёда Шарқ ва Ғарбни боғловчи муҳим транспорт хабига айланмоқда
Август 14, 2026. 17:00 • 2 дақ
• 70
ПЕКИН, 14 август. /“Дунё” АА/. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Хитой халқаро муаммолар академияси Евроосиё институти директори Ли Цзиго Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади.
– Бу йил Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллиги нишонланмоқда. Мамлакат халқини ушбу қутлуғ сана билан чин дилдан табриклайман!
Ўтган йиллар давомида Ўзбекистон улкан муваффақиятларга эришди. Бу ютуқлар миллий давлатчилик қурилиши, сиёсий тизимнинг шаклланиши, иқтисодий соҳадаги ёрқин натижалар ва кенг қамровли ижтимоий тараққиётни ўз ичига олади.
Айниқса, сўнгги 10 йилдаги юксалиш яққол сезилмоқда. Амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон хорижий инвесторлар учун минтақадаги энг жозибадор мамлакатга айланди.
Хусусан, сўнгги йилларда Хитой компанияларининг республикадаги инвестиция фаолиятига қизиқиши кескин ортди. Бугунги кунда Ўзбекистонда уларнинг сони 6 мингдан ошади.
Янги даврда икки мамлакат ўртасидаги ҳар қандай шароитга мослашувчан стратегик шериклик – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва “Марказий Осиё – Хитой” каби механизмлар доирасида кўплаб манфаатли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Янги транспорт йўлаклари туфайли Ўзбекистон денгиз йўлларига қулай чиқиш имкониятига эга бўлиб, Евроосиё марказидан қитъанинг ғарби ва шарқини боғлайдиган транспорт хаби сифатида стратегик кўприкка айланмоқда.
“Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўлининг қурилиши мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлайди. Евроосиё қитъасидаги марказий географик жойлашуви туфайли Ўзбекистон Шарқ ва Ғарбни, Шимол ва Жанубни боғлайдиган транзит йўлларнинг энг муҳим чорраҳаси бўлиб хизмат қилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси