Сунь Вэйдун: Ўзбекистонда тарихий ўзгаришлар юз бериб, мамлакат жадал юксалиш ва барқарор ўсиш даврини бошдан кечирмоқда

Август 13, 2026. 08:10 • 8 дақ

78
Сунь Вэйдун: Ўзбекистонда тарихий ўзгаришлар юз бериб, мамлакат жадал юксалиш ва барқарор ўсиш даврини бошдан кечирмоқда

ПЕКИН, 13 август. /“Дунё” АА/. “Марказий Осиё ва Хитой” формати котибияти бош котиби Сунь Вэйдун мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади.

– Аввало, мамлакат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон халқи ва раҳбариятини чин дилдан қутлайман. Дўст давлатга тинчлик, хотиржамлик ва фаровонлик тилайман.

Мустақилликнинг 35 йили давомида давлат қурилиши, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, аҳоли фаровонлигини ошириш ҳамда мамлакатнинг ўз миллий моделини яратиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Бундай саъй-ҳаракатлар юрт тараққиёти учун кўплаб имкониятлар яратди.

Айниқса, сўнгги ўн йилликда Ўзбекистонда тарихий ўзгаришлар рўй берди. Мамлакат юксалиш ва барқарор ўсиш даврини бошдан кечирмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон самарали ички ва ташқи сиёсатни амалга оширмоқда, сиёсий ислоҳотлар кенгаймоқда. Миллий тараққиёт стратегиялари изчил ривожлантирилиб, ташқи дунёга очиқлик сиёсати давом этмоқда. Сармоявий муҳит сезиларли даражада яхшиланди, “яшил” трансформацияга ўтиш жадаллашиб, давлат бошқаруви тизими янада самарали бўлиб бормоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Марказий Осиёда яхши қўшничилик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашни ташқи сиёсатнинг бош устувор йўналиши этиб белгилади. Мамлакатнинг минтақавий ва халқаро миқёсдаги ўрни ҳамда нуфузи муттасил ортиб бормоқда. Бу муҳим натижаларнинг барчаси Янги Ўзбекистонни барпо этиш учун мустаҳкам пойдевор яратди.

Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг ижобий самараси аниқ статистик кўрсаткичларда яққол намоён бўлмоқда. 2025 йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши 7,7 фоиз, хорижий сармоялар ҳажми 43 миллиард доллар, ташқи савдо айланмаси эса 81,2 миллиард долларни ташкил этди. Сўнгги йилларда жалб қилинган чет эл инвестициялари умумий ҳажми 150 миллиард доллардан ошди.

2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиши 8,5 фоиз, сармоялар ҳажми 28 миллиард доллар, экспорт 14,4 миллиард доллар бўлди. Жаҳон иқтисодиётида умумий пасайиш кузатилаётган паллада Ўзбекистон ўсиш суръатларини намойиш этмоқда.

Хитой Ўзбекистон учун йирик савдо ва сармоявий ҳамкор ҳисобланади. 2025 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 18 миллиард долларга етиб, 2024 йилга нисбатан 17,8 фоизга кўпайди. 2026 йилнинг биринчи ярмида товар айирбошлаш ҳажми 8,9 миллиард долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 32,8 фоизга ўсди.

Ўзбекистон ҳудудида Хитойнинг 6 мингга яқин корхонаси фаолият юритмоқда. Ўзаро ҳамкорлик қайта тикланувчи энергия манбалари, нефть-газ ва кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, молия, тўқимачилик, логистика, автомобилсозлик каби кўплаб йўналишларни қамраб олган.

Халқаро вазият тобора мураккаблашиб бораётган айни паллада Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда яхши қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсати минтақа халқлари манфаатларига тўла мос келади. Бу сиёсат Марказий Осиё мамлакатларининг хавфсизлик ва тараққиёт бўйича ташқи таҳдидларга қарши биргаликда ҳаракат қилишида ёрдам беради.

Сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари ўртасида ўзаро ишонч даражаси сезиларли даражада ортди. Сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт ва гуманитар соҳалардаги алоқалар, минтақавий интеграция жараёни янада кенгайди.

Бу жараёнда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари формати муҳим аҳамият касб этмоқда. 2025 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида VII Маслаҳат учрашуви муваффақиятли ўтказилди ҳамда унда минтақавий ҳамкорликни кенгайтиришнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди.

Ўзбекистон Тожикистон ва Қозоғистон билан иттифоқчилик муносабатларини ўрнатганидан сўнг, Қирғизистон билан ҳам шундай шартнома имзоланди. Бу Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик ривожланишининг ижобий суръатини ифодалайди.

Ўзбекистон етакчиси Марказий Осиёни тинчлик, барқарорлик ва биргаликдаги тараққиёт маконига айлантиришга доимо интилиб келмоқда. Бу борада у минтақавий ҳамкорлик жараёнларини илгари суришга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Биз Марказий Осиёнинг янада жипслашган, ўзаро чамбарчас боғланган ва биргаликда ривожланаётган минтақага айланиб бораётганини кузатаяпмиз.

Бу тенденция “Марказий Осиё – Хитой” формати доирасидаги ҳамкорликка ижобий таъсир кўрсатмоқда. Ўзбекистон бундай шаклдаги шериклик муносабатларининг ташкилотимизнинг муҳим ва фаол иштирокчиси бўлиб, ташаббус ва лойиҳаларимизни шакллантириш ҳамда ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.

2023 йилда Сиань шаҳрида ҳамда 2025 йилда Остонада бўлиб ўтган биринчи ва иккинчи саммитлар “Марказий Осиё – Хитой” формати ривожида муҳим роль ўйнади. Хитой ва Марказий Осиёнинг бешта давлати раҳбарлари Остонада Абадий яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзолади. Натижада, кўп асрлик дўстлик ва узоқ муддатли шерикликнинг мустаҳкам сиёсий пойдевори яратилди.

Ушбу тадбирларда Президент Шавкат Мирзиёев барча иштирокчи мамлакатларнинг манфаатларига хизмат қиладиган қатор ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, узоқ муддатли шериклик концепциясини ишлаб чиқиш, савдо алоқалари ва транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, саноат, электрон тижорат, юқори технологиялар, “яшил” энергетика, таълим ва илм-фан соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги таклифлар муҳим аҳамиятга эгадир.

Айни пайтда Котибиятнинг мувофиқлаштируви ва кўмаги остида барча мамлакатлар ушбу ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича фаол музокаралар олиб бормоқда. Энг муҳими, бундай ташаббусларни бутун минтақа халқларига манфаат келтирадиган реал қўшма лойиҳаларга айлантиришга интилмоқда.

Шунингдек ўқинг

Олти давлат раҳбарлари ҳамкорликнинг олтита устувор йўналишини ҳам белгилаб олди. Тўсиқсиз савдо, саноат инвестициялари, транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқлик, фойдали қазилмаларни табиий усулда ўзлаштириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва фуқаролар ҳаракатланишини соддалаштириш борасидаги ташаббуслар барчага бирдек манфаатли ҳисобланади.

Бугунги кунда Марказий Осиё мамлакатлари жадал иқтисодий ўсиш ва саноатлаштиришнинг янги даврига қадам қўйди. Ишончим комилки, юқорида қайд этилган йўналишлар бўйича ҳамкорликни кенгайтириш ва ривожлантириш Хитой ҳамда Марказий Осиё давлатлари учун янги ўсиш драйверларини яратади.

Савдо соҳасида Нанкин шаҳрида “Марказий Осиё – Хитой” тўсиқсиз савдо платформаси фаолият юритмоқда. Биз Марказий Осиёнинг барча мамлакатларини ҳамкорлик эҳтиёжларини келишиб олиш ва ўзларининг сифатли маҳсулотларини Хитой бозорига олиб чиқиш учун ушбу платформадан фаол фойдаланишга таклиф қиламиз.

Савдо юритишнинг янги шакллари – рақамли савдо ва хизматлар соҳаси жадал ривожланмоқда. Шунингдек, олти давлат минтақавий савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш учун институционал механизмларни ишлаб чиқиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Савдо, инвестицияларни либераллаштириш ва соддалаштириш бўйича ҳам турли лойиҳалар ўрганилмоқда.

Инвестиция соҳасида Хитойнинг Марказий Осиё мамлакатларига киритаётган сармоялари ҳажми муттасил ўсиб бормоқда. Қурилиш, нефть-газ, энергетика, электромобиллар ишлаб чиқариш, рақамли инфратузилма каби соҳаларда Хитой капитали ва технологиялари маҳаллий саноат ва ишлаб чиқариш лойиҳаларига татбиқ этилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, Марказий Осиё мамлакатларининг миллий ишлаб чиқариш занжирлари такомиллашмоқда, ўзаро манфаатдорликка эришилмоқда.

Транспорт алоқалари йўналишида Марказий Осиё Евроосиё қитъасининг муҳим транзит маркази ҳисобланади. “Хитой – Европа” юк поездларининг кўплаб йўналишлари Марказий Осиё орқали ўтиб, Транскаспий транспорт йўлаги бўйлаб Ғарбий Осиё ва Европага етиб боради. Айни вақтда Хитой Марказий Осиё мамлакатлари учун Шарқий, Жануби-Шарқий Осиё ва Осиё-Тинч океани минтақаси бозорларига чиқиш имкониятини яратмоқда.

Ҳозирги кунда “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темирйўли қурилиши муваффақиятли давом этмоқда. У ишга туширилгач, Марказий Осиёнинг Хитой билан транспорт алоқалари сезиларли даражада кенгаяди, минтақа мамлакатларининг халқаро бозорларни ўзлаштириш имконияти ортади.

Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш бўйича ҳамкорликнинг синалган моделлари шаклланган ва фойдали тажриба тўпланган. Кўргазмали агропаркларни шерикликда барпо этиш, ўсимликларнинг серҳосил навларини яратиш, агротехника етказиб бериш, қурғоқчил ҳудудларга махсус қишлоқ хўжалиги ва деҳқончиликни татбиқ этиш катта истиқболлар очмоқда.

Гуманитар алмашинув борасида Хитой ва Ўзбекистон ўртасида визасиз режим жорий этилган. Бу фуқароларнинг эркин ва хавфсиз сафарларини анча осонлаштиради. Бундан ташқари, Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида янги ҳаво йўналишлари очилмоқда, тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилиб, шаҳарлараро мунтазам рейслар сони ортиб бормоқда.

Истиқболга назар ташласак, ислоҳотларнинг кенгайиши билан Ўзбекистоннинг ривожланиш тенденцияси янги босқичга кўтарилаётганини кўрамиз. Мамлакат минтақавий иқтисодий ўсиш драйвери бўлиб, минтақалараро алоқаларнинг транзит марказига айланмоқда.

Энг муҳими, Ўзбекистон ушбу мақсадларга эришиш учун барча зарур шарт-шароитларга эга: стратегик географик жойлашув, изчил ислоҳотлар ва очиқлик сиёсати, ўсиб бораётган ички бозор, бой табиий ресурслар ва аҳолининг ёш таркиби.

Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг тараққиёти бутун Марказий Осиёдаги тинчлик ва фаровонлик билан чамбарчас боғлиқдир. Айнан шунинг учун мамлакат юритаётган яхши қўшничилик ва ўзаро ишонч сиёсати узоқ муддатли стратегик аҳамият касб этади.

Хитой ва Марказий Осиё давлатлари нафақат яхши қўшни, ҳамкор ва дўст, балки модернизация йўлидаги маслакдошлардир. Биз давлатларимиз раҳбарлари эришган муҳим келишувларга амал қилишимиз, “Хитой ва Марказий Осиё руҳи”ни фаол тарғиб этишимиз ҳамда юқори сифатли ривожланишга асосланган қўшма лойиҳаларни илгари суришимиз лозим.

Хитой халқи 2035 йилгача асосий модернизация мақсадига эришишга интилиб, ривожланиш моделини барпо этишнинг янги уфқларини яратмоқда. Миллий тараққиёт стратегияларини уйғунлаштирган ҳолда Хитой ва Марказий Осиё давлатлари барча соҳалар бўйича аниқ ривожланиш режаларини ишлаб чиқиши, ресурслар алмашиши, бир-бирини қўллаб-қувватлаши ва биргаликда тараққиётга эришиши керак.

“Марказий Осиё – Хитой” формати котибияти келгусида ҳам амалий ҳамкорликни ривожлантириш ва халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашда давом этади. Ишончим комилки, бу борада Ўзбекистон билан яқин муносабатларимиз янада ривожланади ва халқ фаровонлиги йўлида муҳим ютуқларга эришамиз.

Ўзбекистон халқини яна бир бор энг улуғ ва қутлуғ байрами – Мустақиллик шодиёнаси билан чин дилдан қутлайман!

Ўзбек халқига тинчлик ва осойишталик, бахт ва фаровонлик доим ёр бўлсин!

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш