Самарқандда Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференцияси бошланди

Сентябрь 04, 2026. 10:30 • 2 дақ

85
Самарқандда Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференцияси бошланди
Самарқандда Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференцияси бошланди
Самарқандда Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференцияси бошланди

САМАРҚАНД, 4 сентябрь. /“Дунё” АА/. Самарқанддаги “Буюк ипак йўли” (Silk Road Samarkand) халқаро туризм марказида “Мураккаб даврда инсон ҳуқуқлари, адолат ва инсон қадр-қимматини тиклаш йўлида” мавзусида Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференцияси бошланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу нуфузли тадбир Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ҳамда Парламентлараро иттифоқ ҳамкорлигида ташкил этилди. Халқаро анжуманда дунёнинг 58 та мамлакатидан ёш парламент аъзолари, 11 та халқаро ташкилот вакилларидан иборат 250 нафарга яқин иштирокчи қатнашмоқда.

Конференцияда иштирок этиш учун юртимизга Парламентлараро иттифоқ вакиллари, Буюк Британия, Хитой, Россия, Канада, Туркия, Германия, Ирландия, Жазоир, Зимбабве, Кот-д’Ивуар, Озарбайжон, Покистон, Сейшел ороллари, Уругвай, Уганда, Намибия, Швейцария, Шимолий Македония, Эрон, Баҳрайн, Нигерия, Мавритания, Жанубий Африка, Камбоджа ҳамда минтақамиз мамлакатлари парламентлари делегациялари ташриф буюрди.

Конференциянинг очилиш маросимида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева давлатимиз раҳбарининг форум қатнашчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.

Шунингдек ўқинг

Табрикда Ўзбекистон БМТнинг “Ёшлар – 2030” стратегиясини жадал амалга ошираётган дунёнинг ўнта етакчи давлати қаторидан ўрин олаётгани қайд этилди. Мамлакатимиз глобал ёшлар тараққиёти индексида энг тез ривожланаётган давлатлардан бири сифатида эътироф этилган.

Конференция доирасида иштирокчилар долзарб глобал муаммолар, инсон ҳуқуқлари ва инсон қадр-қимматини ҳимоя қилиш, адолат тамойилларини мустаҳкамлаш, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтмоқда.

Шу билан бирга, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда ёшларнинг роли билан боғлиқ масалалар муҳокама қилиниб, уларнинг қарор қабул қилиш жараёнидаги иштирокини кенгайтириш бўйича фикр-мулоҳазалар алмашилмоқда. Ёш авлоднинг парламент фаолиятидаги иштирокини оширишга алоҳида эътибор қаратилаяпти.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш