Брюсселдан муносабат: Тошкент ШҲТ аъзолари билан муносабатларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда

Сентябрь 04, 2026. 11:00 • 2 дақ

45
Брюсселдан муносабат: Тошкент ШҲТ аъзолари билан муносабатларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда

БРЮССЕЛЬ, 4 сентябрь. /“Дунё” АА/. Бельгиянинг “EU Reflect” нашри муҳаррири, Марказий Осиё бўйича эксперт Дерья Сойсал “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг 31 август – 1 сентябрь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитидаги иштироки юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:

­– Бишкекдаги ШҲТ саммитига ўзгарувчан халқаро вазият ва Евроосиёнинг ортиб бораётган аҳамияти нуқтаи назаридан кенгроқ ёндашиш лозим. Ташкилот вақт ўтиши билан асосан хавфсизликка йўналтирилган тузилмадан сиёсий мулоқот, иқтисодий ҳамкорлик ва минтақавий ўзаро боғлиқлик учун янада кенгроқ платформага айланди.

Ўзбекистон учун ушбу саммит очиқ, ўзаро боғланган ва иқтисодий жиҳатдан жадал ривожланаётган Марказий Осиё борасидаги ўз қарашларини илгари суриш учун муҳим имкониятдир.

Тошкент минтақавий ҳамкорлик, транспорт алоқадорлиги, ШҲТга аъзо давлатлар билан савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга алоҳида урғу бериб келмоқда. Шу нуқтаи назардан, ШҲТ Ўзбекистонга вазмин ва мустақил ташқи сиёсатни сақлаб қолган ҳолда амалий ҳамкорликни ривожлантириш учун қўшимча майдон яратади.

Шунингдек ўқинг

Президент Шавкат Мирзиёевнинг нисбатан қисқа вақт ичида Қирғизистонга иккинчи бор ташриф буюргани ҳам эътиборга моликдир. Бу, бир томондан, Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги алоқалар ва ҳамкорлик мустаҳкамланиб бораётгани, иккинчи томондан, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ўта мустаҳкам ва жадал ривожланаётган муносабатларни акс эттиради.

Бугунги кунда ШҲТ дунё аҳолисининг қарийб 40 фоизи, жаҳоннинг энг тез ривожланаётган айрим иқтисодиётларини ҳамда истиқболли транспорт-логистика йўналишларини ўзида бирлаштирган. Шу билан бирга, ШҲТ иштирокчиларининг хилма-хил таркиби кенг ёндашувни акс эттиришини таъкидлаш жоиз.

Бунда мамлакатлар ташкилотдан мулоқот ва ҳамкорлик майдони сифатида фойдаланиб, ўз манфаатларини кўзлайди. Бугунги кунда ШҲТ олдидаги асосий вазифа – сиёсий ўзаро англашувни аниқ натижаларга айлантиришдир. Иқтисодий лойиҳалар, инфратузилма алоқадорлиги, сармоялар ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик янада катта аҳамият касб этади.

Умуман олганда, Бишкек саммити шаклланаётган кўп қутбли халқаро тизимда ШҲТнинг аҳамияти ортиб бораётганини ифодалайди ҳамда минтақа келажагини шакллантиришда, Марказий Осиё ва Ўзбекистоннинг тобора муҳим аҳамият касб этаётган ролини алоҳида таъкидлайди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш