Мазори-Шарифда Афғонистоннинг шимолий вилоятларидаги ўзбек зиёлилари билан адабий-маърифий учрашув ўтказилди
Июнь 20, 2026. 09:10 • 2 дақ
• 26
МАЗОРИ-ШАРИФ, 20 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон консулхонасида Афғонистоннинг шимолий вилоятларида истиқомат қилувчи бир гуруҳ ўзбек зиёлилари, шоир ва ёзувчилар ҳамда академик доира вакиллари иштирокида адабий-маърифий учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир Афғонистондаги ватандошлар ўртасида буюк аждодларимиз меросини тарғиб этиш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш мақсадида ўтказилди. Унда Балх, Самангон, Жузжон ва Сарипул вилоятларидан келган ҳуқуқшунослар, адабиётшунослар ва ижодкорлар қатнашди.
Мулоқот давомида иштирокчилар Афғонистон заминида мангу қўним топган Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб каби улуғ мутафаккирлар ижоди ҳақида сўз юритиб, уларнинг асарлари асрлар давомида умуминсоний қадриятлар ва маънавий камолот манбаи бўлиб келаётганини таъкидладилар. Алломаларнинг инсонпарварлик ва илм-маърифатга чорловчи ғоялари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмагани, шу боис ёш авлод бу меросни чуқур ўрганиши зарурлиги қайд этилди.
Учрашувда Балх университети Ўзбек ва туркий тиллар департаменти профессор-ўқитувчилари Афғонистонда ўзбек тили нуфузини ошириш масалаларига тўхталдилар. Департамент мудири Устоз Сайфуллоҳ маҳаллий ёшлар орасида она тилига бўлган қизиқишни кучайтириш, таълим бўлими фаолиятини сифат жиҳатидан қўллаб-қувватлаш зарурлигини билдирди.
Шу муносабат билан, афғонистонлик ўзбек ёшлари учун Ўзбекистон олий таълим муассасаларида мақсадли грантлар ажратиш ҳамда ижодкорлар учун Ўзбекистондаги адабий марказларга тажриба алмашиш сафарларини уюштириш таклифлари илгари сурилди.
Маданий дўстлик рамзи сифатида афғонистонлик адиблар ўзлари томонидан чоп этилган 26 жилддан иборат шеърий ва таржима асарлари тўпламини Ўзбекистон Консулхонасига ҳадя қилдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси