Ўзбекистонлик ёшлар Германия парламенти ва университетлари фаолияти билан танишди

Июль 01, 2026. 15:00 • 2 дақ

559
Ўзбекистонлик ёшлар Германия парламенти ва университетлари фаолияти билан танишди
Ўзбекистонлик ёшлар Германия парламенти ва университетлари фаолияти билан танишди
Ўзбекистонлик ёшлар Германия парламенти ва университетлари фаолияти билан танишди
Ўзбекистонлик ёшлар Германия парламенти ва университетлари фаолияти билан танишди
Ўзбекистонлик ёшлар Германия парламенти ва университетлари фаолияти билан танишди
Ўзбекистонлик ёшлар Германия парламенти ва университетлари фаолияти билан танишди

БЕРЛИН, 2 июль. /“Дунё” АА/. “Жадидлар изидан” республика танлови ғолиблари ҳамда Ўзбекистон Фанлар академиясининг “Германияда Туркистон адабиёти” лойиҳаси аъзолари Берлин ва Гамбург шаҳарларида қатор учрашувларда иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Сафар давомида ўзбек олимлари ва иқтидорли ёшлардан иборат делегация Берлин Гумбольдт университети ҳамда Гамбург университетида бўлиб, немис профессорлари ва талабалари билан учрашди.

Мулоқот давомида “Янги Ўзбекистон: Мустақилликнинг 35 йиллиги ва бугунги жадид авлодлари” мавзусида тақдимотлар ўтказилди, янги нашр этилган “Германияда Туркистон адабиёти” тўпламининг биринчи жилди намойиш қилинди.

Юртимизда маърифатпарварлар меросини давлат даражасида тадқиқ этиш борасидаги изчил ислоҳотлар немис олимларида катта қизиқиш уйғотди. Учрашувлар доирасида ўзбек адабиётидан намуналар ўқилиб, миллий лапар ва рақслар орқали халқимизнинг бой маданияти намойиш этилди.

Делегация аъзолари Берлиндаги бошланғич мактаблар, Бундестаг (эски Рейхстаг) фаолияти, немис таълим тизими ва ундаги замонавий ёндашувлар билан яқиндан танишди. Элчихонада ташкил этилган Германиядаги ватандош педагоглар қурултойи ва маданий тадбирлар сафарга алоҳида байрамона кайфият бағишлади.

Сафар иштирокчилари Германияда кўрган ёрқин таассуротлари ҳақида фикр билдирди.

Бухоро туманидаги 21-умумтаълим мактаби 8-синф ўқувчиси Муҳаммадали Холиқовнинг айтишича, “Жадидлар изидан” танловида иштирок этишига оиладаги китобхонлик муҳити ва устозининг тавсияси сабаб бўлган. Танловга тайёргарлик давомида у жадид боболар асарлари ва маърифий ғояларни чуқур ўрганган. Танлов ғолиблиги унга Германияга таълим саёҳати имконини берган.

Унинг сўзларига кўра, сафар давомида у Берлин ва Гамбург шаҳарларидаги олий таълим муассасалари ҳамда Германия парламенти фаолияти билан танишган. Айниқса, таълим муассасаларидаги замонавий шароитлар, ўқув жараёни ва ўқувчилар ривожига қаратилган эътибор унда катта таассурот уйғотган.

Ўзбекистон Фанлар академиясининг “Германияда Туркистон адабиёти” илмий лойиҳаси раҳбари профессор Шаҳноза Мадаева фикрига кўра, ушбу сафар таълимий, илмий-маърифий ва маданий жиҳатдан катта аҳамиятга эга бўлди. Делегация Германиядаги нуфузли таълим ва илмий муассасаларда бўлиб, жадидлар меросига оид янги маълумотлар билан танишган.

Делегация вакилларининг таъкидлашича, Германия XX аср бошларида Марказий Осиё зиёлилари учун муҳим илм-фан марказларидан бири бўлган ва бу тарихий-маърифий алоқалар ҳозир ҳам давом этмоқда. Сафарни ташкил этишда Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси томонидан кўрсатилган амалий кўмак алоҳида эътироф этилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш