Варшавада Риштон кулолчилик мактаби тарғиб қилинди

Июнь 21, 2026. 09:15 • 2 дақ

114
Варшавада Риштон кулолчилик мактаби тарғиб қилинди
Варшавада Риштон кулолчилик мактаби тарғиб қилинди

ВАРШАВА, 21 июнь /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Польшадаги элчихонаси томонидан Осиё ва Тинч океани музейи билан ҳамкорликда Варшавадаги “Катта устахона” ижод саройида “Ўзбекистон анъанавий кулолчилиги: Риштон усталари меҳмонда” номли маданий-маърифий учрашув ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбир иштирокчиларига элчихона вакиллари томонидан мамлакатимизда ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, кулолчилик санъати, мазкур йўналишдаги Риштон мактаби тарихи, бадиий хусусиятлари ва замонавий ривожланиш жараёнлари ҳақида маълумот берилди.

Осиё ва Тинч океани музейи Марказий Осиё коллекцияси куратори Каролина Кшивицка ўзининг Ўзбекистонга амалга оширган ижодий ва тадқиқот сафарлари, Риштон кулоллари билан учрашувлари, анъанавий сопол буюмларни тайёрлаш жараёни, нақшларнинг рамзий маъноси ҳамда ўзбек халқ амалий санъати хусусида тўхталиб ўтди.

Шунингдек ўқинг

Иштирокчилар эътиборига Риштон кулолчилиги тарихи, маҳаллий усталар тажрибаси, миллий ҳунармандчилик анъаналари ва уларни халқаро миқёсда тарғиб қилиш имкониятлари тўғрисида тақдимот ҳавола этилди.

Учрашув давомида ўзбек миллий ҳунармандчилигини Польшада тарғиб қилиш, келгусида кўргазмалар, маърузалар, маҳорат дарслари ва маданий алмашинув тадбирларини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш