Санкт-Петербургда “Ўзбекистон ёш петербургликлар нигоҳида” танлови ғолиблари тақдирланди

Июнь 01, 2026. 08:10 • 2 дақ

113
Санкт-Петербургда “Ўзбекистон ёш петербургликлар нигоҳида” танлови ғолиблари тақдирланди
Санкт-Петербургда “Ўзбекистон ёш петербургликлар нигоҳида” танлови ғолиблари тақдирланди

САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 1 июнь. /“Дунё” АА/. Санкт-Петербургда Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни арафасида Ўзбекистон Бош консулхонаси ташаббуси билан ўтказилган “Ўзбекистон ёш петербургликлар нигоҳида” номли болалар ижодий танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Лойиҳа Санкт-Петербург шаҳрининг Ташқи алоқалар ва Ижтимоий сиёсат қўмиталари билан ҳамкорликда ҳамда Ўзбекистоннинг “ZAMIN ANGOR CLUSTER” сайёҳлик компанияси кўмагида амалга оширилди.

Танлов Ўзбекистоннинг тарихий-маданий мероси ва сайёҳлик салоҳиятини оммалаштириш ва икки давлат ўртасидаги гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилди. Унда Санкт-Петербургдаги оилавий тарбияга кўмаклашиш марказлари тарбияланувчилари иштирок этди.

Ижодий танлов жорий йилнинг 1 февралидан 31 мартига қадар икки ёш тоифасида бўлиб ўтди. Унда 5–7-синф ўқувчилари ўзларининг расм, аппликация ва ҳайкалтарошлик каби бадиий ишларини, 8–9-синф ўқувчилари эса видеоролик, тақдимот, ҳикоя ҳамда шеърлардан иборат мултимедиавий ва адабий-бадиий лойиҳаларини тақдим этдилар.

Шунингдек ўқинг

Танловда Санкт-Петербург ижтимоий муассасаларининг жами 127 нафар тарбияланувчиси қатнашди. Ижодий ишларни Ўзбекистон Бош консулхонаси, шаҳар қўмиталари, А.Л.Штиглиц номидаги Санкт-Петербург давлат бадиий-саноат академияси вакиллари, шунингдек, маданият ва журналистика арбобларидан иборат нуфузли ҳакамлар ҳайъати баҳолади.

Танлов якунларига кўра 56 нафар ғолиб аниқланди. Улар учун асосий соврин – келгуси ўқув йилининг кузги таътилида Ўзбекистонга танишув сафари бўлади. Ташриф доирасида ўқувчилар Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида бўлиб, мамлакатнинг тарихий-маданий мероси, миллий анъаналари ҳамда замонавий ютуқлари билан танишадилар.

Таъкидланишича, бу каби лойиҳалар маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш, Ўзбекистон ва Россия халқлари ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш, шунингдек, ўсиб келаётган авлодда дўст мамлакатлар тарихи ва маданиятига қизиқиш уйғотишга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш