Екатеринбургда ватандошлар ва талаба ёшлар учун “Эҳсон дастурхони” ёзилди

Май 31, 2026. 15:30 • 2 дақ

27
Екатеринбургда ватандошлар ва талаба ёшлар учун “Эҳсон дастурхони” ёзилди
Екатеринбургда ватандошлар ва талаба ёшлар учун “Эҳсон дастурхони” ёзилди
Екатеринбургда ватандошлар ва талаба ёшлар учун “Эҳсон дастурхони” ёзилди

ЕКАТЕРИНБУРГ, 31 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан мамлакатимиз Бош консулхонаси томонидан Свердловск вилоятида вақтинчалик меҳнат фаолиятини олиб бораётган ватандошлар учун муборак Қурбон ҳайити муносабати билан хайрия “Эҳсон дастурхони” ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирни очиб берган Бош консул Жаҳонгир Парманов йиғилганларни қутлуғ айём билан табриклаб, Ўзбекистон раҳбарияти томонидан хориждаги юртдошларимизга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик ҳақида сўзлади. Ваколатхона ходимлари томонидан йиғилганларга юртимизда хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Учрашувда Свердловск вилоятидаги масжид имоми ўринбосари Илҳомжон Ҳайитов иштирок этиб, муқаддас динимизнинг инсонпарварлик моҳияти хусусида маъруза қилди. У ёшлар билан мазмунли профилактика суҳбати ўтказиб, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни турли салбий оқимлар таъсиридан асраш ҳамда мусофирликда ўзбек халқининг шаъни ва қадр-қимматини ҳамиша баланд тутиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек ўқинг

Файзли байрам дастурхони атрофида жам бўлган ҳамюртларимизга ўзбек миллий таомлари ва байрам палови тортиқ қилинди. Тадбирнинг расмий қисмидан сўнг, Урал давлат кончилик университети талабаси Алижон Мейлиев ҳамда Екатеринбургда меҳнат қилаётган Дилором Ражапова ўз таассуротлари билан ўртоқлашиб, қайси мамлакатда бўлишмасин, уларни бир байроқ остида бирлаштираётган давлат раҳбарига чексиз миннатдорликларини изҳор этдилар.

Самимий ва дўстона руҳда ўтган хайрия тадбири якунида миллий қадриятларимизга хос тарзда ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги ва юртимиз омонлигини тилаб эзгу дуолар қилинди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш