Шимкентда ўзбек тили ва маданиятига бағишланган тадбир ўтказилди
Октябрь 13, 2026. 08:10 • 2 дақ
• 135ШИМКЕНТ, 13 октябрь. /“Дунё” АА/. Қозоғистоннинг Шимкент шаҳрида ўзбек тили, маданияти, миллий анъаналари ва маънавий меросига бағишланган байрам тадбири ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда давлат органлари, жамоат ташкилотлари, этномаданий бирлашмалар ва таълим муассасалари вакиллари, санъат намояндалари, ҳунармандлар, маҳаллий аҳоли ва меҳмонлар иштирок этди.
Байрамнинг асосий мақсади ўзбек халқининг миллий-маданий меросини асраб-авайлаш, она тилини ривожлантириш, анъаналарни ёш авлодга етказиш ҳамда қозоқ ва ўзбек халқлари ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашдан иборат бўлди.
Тадбирда Шимкент шаҳри ҳокими ўринбосари Сарсен Қуранбек, Қозоғистон Халқ ассамблеяси қўмитаси раиси Марат Азильханов, “Дўстлик” ўзбек этномаданий бирлашмалари ассоциацияси раиси Абдулла Исматуллаев ҳамда Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги бош консули Раушанбек Матчанов мавзу юзасидан сўз юритди.
Байрам дастуридан халқ ҳунармандчилиги, амалий безак санъати ва тасвирий санъат кўргазмалари алоҳида ўрин олди. Уларда миллий наққошлик, қўл меҳнати намуналари, картиналар ва анъанавий безак буюмлари намойиш этилди.
Мазкур кўргазмалар ўзбек халқининг бой бадиий мероси, ҳунармандлар маҳорати ва миллий қадриятларни авлоддан-авлодга етказишдаги амалий тажрибасини акс эттирди.
Миллий таомлар тақдимоти ҳам меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Анъанавий таомлар ва ширинликлар орқали ўзбек ошхонасининг ўзига хослиги, оилавий қадриятлар ва меҳмондўстлик анъаналари намоён бўлди.
Тадбирда таълим муассасалари, жумладан, ўзбек тилида таълим берувчи мактабларнинг иштироки она тилини сақлаш ва миллий ўзликни англаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Робототехника соҳасидаги ишланмалар миллий анъаналарни замонавий таълим ва инновациялар билан уйғунлаштириш мумкинлигини кўрсатди.
Концерт дастурида миллий куй-қўшиқлар ва ўзбек рақслари намойиш этилди. Ижодий жамоаларнинг чиқишлари ўзбек санъатининг ўзига хослигини намоён этиб, турли миллат вакилларини бир давра атрофида бирлаштирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



