Британияда Ўзбекистоннинг қишки туристик салоҳияти тарғиб қилинмоқда

Октябрь 13, 2026. 09:00 • 2 дақ

• 19
Британияда Ўзбекистоннинг қишки туристик салоҳияти тарғиб қилинмоқда

ЛОНДОН, 13 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси ушбу мамлакатдаги “Wild Frontiers” компанияси билан ҳамкорликда юртимизнинг қишки туристик салоҳиятини тарғиб қилишга қаратилган махсус ахборот кампаниясини амалга оширмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Компаниянинг ижтимоий тармоқларида “Қишни Ипак йўли хазиналари юртида ўтказинг” шиори остида Ўзбекистонга қишки саёҳатларни тарғиб қилувчи махсус материаллар эълон қилинди.

Ушбу ташаббуслардан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистонни Британия туристик бозорида йил давомида саёҳат қилиш мумкин бўлган жозибадор туристик йўналиш сифатида илгари суришдан иборат.

Нуфузли саргузашт ва маданий туроператор ҳисобланган “Wild Frontiers” тарғибот материалларида Ўзбекистоннинг қиш фаслидаги ўзига хос муҳитига алоҳида урғу берилган. Компания таъбири билан айтганда, қишда Ипак йўлида ўзига хос жозиба пайдо бўлади.

Британиялик сайёҳларга мамлакатимизнинг тарихий-меъморий мероси билан бир қаторда, Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги бетакрор табиат манзаралари, саҳро ҳудудлари, анъанавий бозорлар, миллий таомлар ва халқимизнинг меҳмондўстлиги билан яқиндан танишиш таклиф этилмоқда.

Шунингдек ўқинг

Хусусан, сайёҳлар саҳронинг бетакрор муҳити ва миллий бозорларнинг ёрқин рангларидан баҳраманд бўлишлари, шунингдек, хонадонларда тайёрланган миллий таомлар орқали ўзбекона меҳмондўстлик муҳитини ҳис қилишлари мумкин.

Элчихона томонидан Британиянинг туризм соҳасидаги етакчи компаниялари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган мазкур тарғибот ишлари Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини кенгайтириш ва Ўзбекистоннинг халқаро туристик бозордаги мавқеини янада мустаҳкамлашга қаратилган.

“Wild Frontiers” билан ҳамкорликдаги мазкур лойиҳа ҳам Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, табиий имкониятлари ва миллий меҳмондўстлигини Британия аудиториясига замонавий тарғибот воситалари орқали етказиш, мамлакатимизни янги мавсумий туристик маҳсулотлар орқали кенг тарғиб этишга хизмат қилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш