Словакияда Ўзбекистоннинг туризм бренди элчиси тайинланди
Декабрь 27, 2025. 12:18 • 2 дақ
• 84БРАТИСЛАВА, 27 декабрь. /“Дунё” АА/. Братислава шаҳрида Ўзбекистон ва Словакия ўртасида туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилган тадбир ўтказилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур тадбир Словакиянинг “AZC Group” компанияси кўмагида ташкил этилди. Унда ушбу мамлакатнинг иқтисодиёт вазири ўринбосари Владимир Шимоняк, Ўзбекистоннинг Словакиядаги фахрий консули Людовит Чернак, Инвестиция ва савдони ривожлантириш агентлиги (SARIO) бош директори Роберт Шимончич, Братиславада аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.
Тадбир доирасида Ўзбекистон Туризм қўмитаси томонидан мамлакатимизнинг Словакиядаги туризм бренди элчиси этиб тайинланган Диана Штрофовага тегишли сертификатни топшириш маросими бўлиб ўтди.
Анжуманнинг очилиш қисмида сўзга чиққан мамлакатимиз элчиси Бахтиёр Ибрагимов Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, Словакия билан 2025 йилда эришилган асосий натижалар ва икки томонлама муносабатлардаги истиқболли режалар ҳақида тўхталиб ўтди.
Ўз навбатида, “AZC Group” кузатув кенгаши раиси Роберт Спишак Ўзбекистон бугунги кунда хорижликлар учун тобора жозибадор мамлакатга айланиб бораётганини таъкидлади. У ўзи бошқараётган компания қишлоқ хўжалиги, автомобиль йўллари ва бошқа йўналишларда ўзбекистонлик ҳамкорлар билан лойиҳаларни самарали амалга ошириб келаётганини қайд этди.
Тадбир якунида Диана Штрофова “Дунё” АА учун берган интервьюсида ўз таассуротлари билан ўртоқлашди:
– Бугун мен учун катта байрам. Сабаби, менга Ўзбекистоннинг Словакиядаги туризм бренди элчиси тўғрисидаги сертификат топширилди.
Бу билдирилган юксак ишонч учун ўзбекистонлик ҳамкорларимизга миннатдорлик изҳор этаман. Ўз билим ва тажрибаларимни қўллаб, аниқ чора-тадбирларни амалга оширишга ҳаракат қиламан.
Ўзбекистон маданий меросларга бой мамлакат. Самарқанд, Бухоро ва Хива каби узоқ тарихга эга бўлган шаҳар дунёга машҳур. Ипак йўлининг маркази ҳисобланган бу ерларда қадимдан маданият, меъморчилик ва санъат ривожланган.
Ўзбек маданияти, санъати, гастрономик салоҳияти европалик сайёҳларни доимо ўзига тортган. Шахсан мен учун Хоразм лазгиси ҳамда ўзбек палови жуда ёқади.
Мамлакатингизни кўп асрлик тарихни ўзида мужассам этган гўзал диёр сифатида словакиялик сайёҳлар орасида тарғиб қилишга доим тайёрман. Яна бир бор менга билдирилган ишонч учун ташаккур.
Диана Штрофова 1998–2006 йилларда Словакия Миллий Кенгаши (парламент) депутати бўлган. 2006–2010 йилларда Словакия Ташқи ишлар вазирлигида давлат котиби лавозимида фаолият юритган. 2012 йилдан бери “AZC Group” компаниясининг ташқи алоқалар масалаларига масъул.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


