Покистон ОАВ: Ўзбекистон Президенти 2026 йилни мамлакатда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”, деб эълон қилишни таклиф қилди
Декабрь 27, 2025. 12:58 • 3 дақ
• 46ИСЛОМОБОД, 27 декабрь. /«Дунё» АА/. Покистоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасининг мазмун-моҳиятини кенг ёритмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Хусусан, ушбу давлатнинг «Pakistan In The World», «Diplomatic News Agency» ахборот агентликлари, «The World News», «Sub News», «Daily Sub News» электрон нашрлари ва «Islomobod Post» газетасида “Президент Шавкат Мирзиёев: “2026 йил барча соҳаларни ривожлантиришда туб бурилиш йили бўлади” сарлавҳали мақолалар эълон қилинди.
Нашрларда Президент Шавкат Мирзиёев 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномани тақдим этгани хабар қилинган.
«Ўзбекистон раҳбари сўзининг аввалида сўнгги тўққиз йилда биз сизлар билан, эл-юртимиз билан биргаликда катта тараққиёт йўлини босиб ўтдик. Иқтисодиётимиз янгидан шаклланди, бозор муносабатлари, ижтимоий ҳимояни кенгайтирдик, қонун устуворлигини мустаҳкамладик, дея таъкидлади»,– дейилган мақолаларда.
Покистон нашрлари, шунингдек, Ўзбекистон етакчининг, ислоҳотларимиз самарасини ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадон ва ҳар бир инсон кундалик ҳаётида ҳис қилмоқда, деган сўзларига алоҳида эътибор қаратган. «Қанчалик оғир бўлмасин, бошланган демократик ислоҳотлар қатъий давом эттирилгани, халқимизнинг қўллаб-қувватлаши ва ёшларимизнинг ғайрат-шижоати, ҳамжиҳатлик асоси бўлган маҳалланинг ҳаётимиздаги ўрни ва таъсири кучайтирилгани, одамларнинг онги ва дунёқараши ўзгариб, эл-юртимиз янада жипслашгани, тадбиркор, деҳқон ва фермерларнинг ташаббускорлиги ва мардона меҳнати, ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган дўстона ташқи сиёсат ҳисобига 2025 йилда барча соҳаларда улкан ютуқларга эришилди», – дея Ўзбекистон Президенти сўзларидан иқтибос келтиради манбалар.
Мақолаларда бу йил Ўзбекистон тарихида биринчи марта ялпи ички маҳсулот 145 миллиард доллардан ошгани, жорий йил экспорти 23 фоизга ошиб, 33,4 миллиард долларга етказилиши маълум қилинган. Энг муҳими, олтин-валюта захиралари илк бор 60 миллиард доллардан ошди.
Республика иқтисодиётга жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажми 43,1 миллиард долларга етди. Жами инвестицияларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 31,9 фоизни ташкил этмоқда. Етакчи халқаро рейтинг агентликлари мамлакатимизнинг суверен рейтингини “ББ-”дан “ББ” поғонасига кўтарди.
Энергетика соҳасида туб бурилиш ясалгани ҳисобига электр ишлаб чиқариш ҳажми 85 миллиард киловатт-соатга етказилди.
Бу йил 188 та маҳалладаги 715 минг аҳоли яшайдиган хонадонларга биринчи марта тоза ичимлик суви кириб борди, яна 2 миллион 300 мингга яқин аҳолининг сув таъминоти яхшиланди.
«Мурожаатномада жорий йилда Ўзбекистонда 5 миллион аҳоли даромадли бўлиб, ишсизлик даражаси 5,5 фоиздан 4,9 фоизга тушгани, қарийб 1,5 миллион эҳтиёжманд аҳоли камбағалликдан чиққа, илк бор 1 минг 435 та маҳалла “камбағалликдан холи” ҳудудга айлангани таъкидланди. Камбағал оилаларга мансуб 168 минг нафар бола давлат боғчаларига имтиёзли асосда қабул қилинди. Бу йилдан бошлаб 208 та боғчада биринчи марта инклюзив таълим тизими жорий этилди. Ўзбекистонда камбағаллик даражаси йил бошидаги 8,9 фоиздан 5,8 фоизга тушгани қайд этилди», – деб ёзган Покистон ОАВ.
«Бу ишларни бошлаганимизда аҳолининг учдан бир қисми камбағаллик чегарасида яшарди. Кредит, субсидия, компенсация каби 100 дан зиёд хизматлар орқали ижтимоий ҳимоянинг мутлақо янги тизимини йўлга қўйганимиз ва буларни маҳалладаги “еттилик”нинг ўзига берганимиз натижасида 8,5 миллиондан зиёд одам камбағалликдан чиқди, ишсизлик 2 карра қисқарди.Натижада уч йил олдин камбағалликни 2026 йил якуни билан 2 карра қисқартириш бўйича олган маррамизни шу йилнинг ўзида уддаладик», – дея Президентимиз фикрлари келтирилган материалларда.
Покистон ОАВ, шунингдек, Ўзбекистон Президенти 2026 йилни мамлакатда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”, деб эълон қилишни таклиф қилди ва бу таклиф якдиллик билан қўллаб-қувватланганини алоҳида урғулаган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


