“Вечерний Бишкек” Марказий Осиё ва Озарбайжон “яшил” энергетика соҳасида ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда
Июль 25, 2026. 11:30 • 2 дақ
• 87
БИШКЕК, 25 июль. /“Дунё” АА/. Қирғизистоннинг “Вечерний Бишкек” нашрида Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон ўртасида “яшил” энергетика соҳасида шаклланаётган стратегик ҳамкорлик истиқболларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда кейинги йилларда Марказий Осиё ва Озарбайжон ўртасида энергетика соҳасидаги ҳамкорлик мутлақо янги босқичга кўтарилгани, бу эса давлат раҳбарларининг ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва стратегик шерикликка асосланган сиёсати натижаси экани таъкидланган.
Муаллиф фикрича, минтақа мамлакатлари энергетика хавфсизлигини таъминлаш, сув-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш, миллий электр энергетикаси тизимларини ўзаро мувофиқлаштириш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришни ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бирига айлантирган. Бу эса Марказий Осиёнинг жаҳон энергетика бозорига интеграциялашуви учун янги имкониятлар яратмоқда.
Мақолада Ўзбекистоннинг “яшил” энергетикани ривожлантириш борасида амалга ошираётган кенг кўламли ислоҳотларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, мамлакатда қуёш ва шамол электр станциялари, энергия сақлаш тизимлари ҳамда замонавий электр тармоқларини барпо этишга қаратилган лойиҳалар минтақа энергетика салоҳиятини сезиларли даражада мустаҳкамлаётгани эътироф этилган.
Шунингдек, материалда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон томонидан илгари сурилаётган “Яшил энергетика йўлаги” ташаббуси Марказий Осиё энергетик ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиши қайд этилган. Лойиҳа Каспий денгизи орқали минтақани Европа энергетика тизими билан боғлаш ҳамда экологик тоза электр энергиясини ташқи бозорларга етказиб бериш имкониятларини кенгайтириши таъкидланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси