Буюк Британия рақамли eVisa тизимига ўтди
Июль 22, 2026. 16:00 • 3 дақ
• 68
ЛОНДОН, 22 июль /“Дунё” АА/. Буюк Британия ҳукумати иммиграция хизматларини босқичма босқич рақамлаштириш доирасида анъанавий қоғоз ва пластик ҳужжатлар ўрнига eVisa – электрон виза тизимини жорий этди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Британия ҳукуматининг маълум қилишича, мазкур тизим орқали шахснинг мамлакатга кириш ва Буюк Британияда яшаш ҳуқуқини тасдиқловчи барча маълумотлар рақамли шаклда сақланади. 2018 йилдан буён миллионлаб фойдаланувчилар ушбу тизимдан самарали фойдаланиб келмоқда. Мавжуд жисмоний иммиграция ҳужжатини eVisaга ўтказиш эса шахснинг амалдаги иммиграция мақоми ёки мамлакатда яшаш ҳуқуқига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди.
eVisa тизими фойдаланувчилар учун бир қатор муҳим қулайликларни яратади. Рақамли формат туфайли ҳужжатнинг йўқолиши, ўғирланиши ёки сохталаштирилиши хавфи деярли бартараф этилади. Виза тасдиқланганидан сўнг аксарият ҳолларда жисмоний ҳужжатни кутиш ёки олиш зарурати қолмайди, гарчи айрим ҳолатларда биометрик маълумотларни шахсан тақдим этиш талаб қилиниши мумкин.
Шу билан бирга, чегара назоратидан ўтиш, иш берувчилар, уй эгалари ёки бошқа ваколатли ташкилотларга иммиграция мақомини тасдиқлаш жараёни ҳам анча тез ва осон кечади. Давлат идоралари ҳам зарур ҳолларда мазкур маълумотларни электрон тарзда олиш имкониятига эга бўлади.
2026 йил 1 июлдан бошлаб Буюк Британия визаси тасдиқланган янги аризачилар учун муҳим янгилик кучга кирди. Унга кўра, паспортга ёпиштириладиган анъанавий виза стикерлари (visa vignette) берилмайди ва аризачиларга фақат eVisa расмийлаштирилади. Айрим ҳолларда аризачига FAV (Form for Accompanying an eVisa) ҳужжати берилиши мумкин.
Ушбу ҳужжатни виза марказидан олиб кетиш талаб этилади ҳамда у eVisa билан боғланган ҳолда мамлакатга сафар қилиш имконини беради. Шу боис, сафардан олдин ҳар бир шахс ўзининг “UKVI” аккаунтига кириб, eVisa маълумотлари ҳамда мамлакатга кириш рухсатини текшириб чиқиши тавсия этилади.
Агар аризачининг паспорти ёки сафар ҳужжати виза марказида сақланаётган бўлса, у ариза кўриб чиқилаётган даврда эгасига қайтарилади. Паспортни қачон олиш мумкинлиги ҳақида виза маркази мурожаат этувчини алоҳида хабардор қилади. Шунинг учун чақирув бўлмасдан туриб виза марказига бориш мақсадга мувофиқ эмас.
Шунингдек, 2026 йил 11 мартдан бошлаб “Home Office” томонидан берилган сафар ҳужжатлари автоматик равишда “UKVI” аккаунтига боғланади. Янги сафар ҳужжати расмийлаштирилган тақдирда, унинг маълумотлари қарор қабул қилинганидан кейин икки иш куни ичида аккаунтда акс этади. Бироқ хорижга сафар қилишда жисмоний сафар ҳужжатини ҳам ўзингиз билан олиб юриш мажбурийлигича қолади.
Умуман олганда, eVisa тизими Буюк Британия иммиграция тизимини янада замонавий, хавфсиз ва самарали қилишга қаратилган муҳим ислоҳотлардан бири ҳисобланади. Рақамли виза орқали фуқаролар ўз иммиграция мақомини онлайн тарзда бошқариш, уни исталган вақтда “UKVI” аккаунти орқали текшириш ҳамда зарур ҳолларда тезкор тарзда тасдиқлаш имкониятига эга бўлади. Бу эса ҳужжатлар билан боғлиқ ортиқча вақт сарфи, бюрократик жараёнлар ва турли ноқулайликларни сезиларли даражада қисқартиради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси