Logo

Сирдарёда автомобилсозлик бўйича ўқув-тренинг маркази ташкил этилади

Февраль 08, 2026. 15:40 • 1 дақ

146
Сирдарёда автомобилсозлик бўйича ўқув-тренинг маркази ташкил этилади

ПЕКИН, 8 февраль. /“Дунё” АА/. Гулистон давлат университети ректори Муҳсин Ҳожиев бошчилигидаги делегациянинг Хитойга ташрифи доирасида “Beifang” автомобилсозлик касб-ҳунар таълими муассасаси раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Музокараларда таълим, илмий-амалий ҳамкорлик, тажриба алмашиш ва кадрлар тайёрлаш соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Учрашув якунида Гулистон давлат университети ва “Beifang Automotive Education Group” ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ушбу ҳужжат автомобилсозлик соҳасида профессионал таълимни ривожлантириш ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш, шунингдек, юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга қаратилган.

Унга кўра, Гулистон давлат университети қошида халқаро стандартларга жавоб берадиган автомобилсозлик йўналиши бўйича ўқув-тренинг маркази ташкил этиш, уни замонавий лабораториялар ва ўқув инфратузилмаси билан жиҳозлаш, ҳамкорликда ўқув режалари ва ўқув-услубий материалларни ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, профессор-ўқитувчилар ва мутахассислар алмашинуви механизмларини босқичма-босқич жорий этиш, Хитойда малака ошириш ва стажировкаларни ташкил этиш, битирувчиларга халқаро сертификат ва малака бериш режалаштирилмоқда.

Мазкур меморандумнинг татбиқ этилиши профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг академик ҳаракатчанлигини ривожлантириш, қўшма таълим ва илмий лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилади.

Ташриф давомида делегация аъзолари “Beifang” профессионал-техник таълим муассасасининг моддий-техник базаси, замонавий лабораториялари ва илмий-инновацион фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди ҳамда унинг имкониятлари намойиш этилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш