Logo

Тель-Авивда ўтказилган халқаро кўргазмада Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятлари намойиш этилди

Февраль 08, 2026. 14:40 • 2 дақ

101
Тель-Авивда ўтказилган халқаро кўргазмада Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятлари намойиш этилди
Тель-Авивда ўтказилган халқаро кўргазмада Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятлари намойиш этилди
Тель-Авивда ўтказилган халқаро кўргазмада Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятлари намойиш этилди

ТЕЛЬ-АВИВ, 8 февраль. /“Дунё” АА/. Тель-Авив шаҳрида Исроил ҳамда Шарқий Ўрта Ер денгизи минтақасидаги энг йирик туристик тадбирлардан бири — “IMTM 2026” (International Mediterranean Tourism Market) халқаро туристик кўргазмаси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

 Унда Ўзбекистон элчихонаси вакиллари, “Uzbekistan Airways” миллий авиакомпанияси, Исроилнинг “Asia Travel” сайёҳлик компанияси ҳамда Ўзбекистоннинг Исроилдаги сайёҳлик бренди элчиси Ниссан Мушаев иштирок этиб, йиғилганларга мамлакатимизнинг бой сайёҳлик имкониятлари, машҳур йўналишлари ва икки давлат ўртасидаги авиақатновлар ҳақида атрофлича маълумот берди.       

Тадбир доирасида “Шарқ юлдузи” ўзбек мусиқий ансамбли раққосалари иштирокида миллий рақс ва қўшиқлар намойиш этилди. Бу чиқишлар кўргазма иштирокчилари орасида катта қизиқиш уйғотиб, Ўзбекистон маданиятига бўлган эътиборни янада оширди.

Кўргазма давомида Ўзбекистон йўналиши Исроил туристик бозори вакиллари томонидан катта қизиқиш билан қарши олинди. Жумладан, “Kishrey Tarbut” туристик компанияси раҳбари Омер Бен-Зеев Ўзбекистон туризмининг истиқболларини юқори баҳолаб, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарлар Исроил сайёҳлари учун жозибадор йўналиш эканини таъкидлади.

“Мамлакатингиз бой тарихий мерос, ноёб маданий анъаналар ва сайёҳлар учун жуда қулай муҳитга эга. Биз Ўзбекистон йўналишида фаол ишлаш ва янги туристик маҳсулотлар ишлаб чиқишдан манфаатдормиз”, — деди у.

Шунингдек, исроиллик журналист ва блогер Гили Мазза Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига юқори баҳо бериб, мамлакатга бўлган қизиқиш Исроил аудиторияси орасида йил сайин ортиб бораётганини қайд этди.

Иштирокчилар фикрига кўра, тўғридан-тўғри авиақатновларнинг мавжудлиги ҳамда туристик маҳсулотларнинг хилма-хиллиги Ўзбекистон ва Исроил ўртасида сайёҳлик алоқаларини янада ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратади.

Кўргазма давомида Ўзбекистон миллий стендига 3 мингдан ортиқ ташриф буюрди. Ўзбекистоннинг “IMTM 2026” кўргазмасидаги иштироки мамлакатнинг халқаро туристик имижини мустаҳкамлашга ҳамда Исроил ва бошқа давлатлар билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш