Logo

Куала-Лумпурда Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди

Февраль 08, 2026. 13:00 • 2 дақ

104
Куала-Лумпурда Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди

КУАЛА-ЛУМПУР, 8 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси томонидан Малайзия-Хитой савдо-саноат палаталари уюшмаси қароргоҳида мамлакатимизнинг иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти бағишланган тақдимот ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Унда Малайзия ишбилармон доира вакиллари, жумладан, Малайзия Хитой савдо-саноат палаталари уюшмаси (ACCCIM) котибияти ходимлари иштирок этди.

Тақдимот давомида меҳмонларга Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли тизимли ислоҳотлар, хорижий инвесторлар учун яратилган имтиёзлар, қулай инвестиция ва бизнес муҳити, шунингдек, устувор тармоқлардаги ҳамкорлик имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Уюшма бош котиби Тер Леонг ўз нутқида Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасидаги стратегик ўрни ҳамда жадал ривожланаётган иқтисодиёти малайзиялик тадбиркорларда катта қизиқиш уйғотаётганини алоҳида таъкидлади. Унинг қайд этишича, Ўзбекистонда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар ва очиқлик сиёсати Малайзия компаниялари учун янги имкониятлар эшигини очмоқда.

“Биз Ўзбекистон давлат идоралари, соҳавий уюшмалар ва ишбилармонлардан иборат делегацияларнинг Куала-Лумпурга ташрифлари доирасида алоҳида бизнес-форумлар ҳамда B2B форматдаги учрашувларни юқори даражада ташкил этишга тайёрмиз”, - деди Тер Леонг.

Мулоқот чоғида малайзиялик ишбилармонлар туризм ва меҳмонхона хўжалиги, кўчмас мулк ва қурилиш индустрияси, минерал ресурсларни қайта ишлаш, тўқимачилик ҳамда енгил саноат соҳаларида ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифларни кўриб чиқишга тайёр эканини билдирди.

Шунингдек, Малайзия-Хитой савдо-саноат палаталари уюшмаси томонидан Ўзбекистонда ўтказиладиган йирик халқаро кўргазмаларда иштирок этиш мақсадида Малайзиянинг етакчи компаниялари вакилларидан иборат делегацияларнинг республикага бизнес миссияларини ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди.

Малайзия-Хитой савдо-саноат палаталари уюшмаси (Associated Chinese Chambers of Commerce and Industry of Malaysia – ACCCIM) 1921 йилда ташкил этилган бўлиб, у Малайзиянинг барча 13 та штатидаги хитой савдо палаталарини бирлаштиради. Уюшманинг 110 мингдан ортиқ аъзоси мавжуд.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш