Давлат раҳбарининг 2025 йилдаги фаолиятига оид “Юрт қайғусида 365 кун” китоби нашр қилинди
Май 19, 2026. 16:55 • 2 дақ
• 65
ТОШКЕНТ, 19 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йилдаги сермаҳсул фаолияти акс этган “Юрт қайғусида 365 кун” номли китоб тақдимотига бағишланган тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Маданий-маърифий учрашувда ижодкорлар, жамоат арбоблари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Мазкур китоб Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил давомидаги серқирра давлат ва сиёсий фаолиятини ўзида мужассам этган кенг қамровли тўплам ҳисобланади.
Китобда давлат бошқаруви, халқаро дипломатия, иқтисодий ислоҳотлар, экологик барқарорлик, ижтимоий ҳимоя, илм-фан, таълим ва маданият соҳаларида амалга оширилган ишлар фотолавҳалар, ҳужжатли манбалар ва таҳлилий шарҳлар асосида ёритилган.
Шунингдек, китоб саҳифаларида иқтисодий ўсиш суръатлари, инвестицион фаоллик, экспорт ҳажмининг ортиши, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, “Яшил иқтисодиёт” сиёсатини кенгайтириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда янги Ўзбекистоннинг глобал майдондаги нуфузи ортиб бораётгани ҳақидаги муҳим факт ва далиллар ўрин олган.
Нашрда давлат раҳбарининг бевосита халқ билан мулоқотлари, ҳудудларга ташрифлари, халқаро саммит ва музокаралардаги иштироклари, стратегик шериклик алоқалари, экология, энергетика, рақамли технологиялар, мудофаа, уй-жой сиёсати, маънавий-маърифий тараққиётга оид ташаббуслари яхлит тарихий жараён сифатида талқин этилган.
Тақдимот маросимида сўзга чиққанлар мазкур китобда Янги Ўзбекистон тараққиёти, давлат раҳбарининг халқ билан мулоқоти, ҳудудларда олиб борилаётган ўзгаришлар ҳамда мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини оширишга қаратилган ташаббуслар изчил акс эттирилганини эътироф қилди.
Тадбир иштирокчилари “Юрт қайғусида 365 кун” китоби сиёсатшунослар, тарихчилар, тадқиқотчилар, журналистлар, талаба-ёшлар ва Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёнини чуқур ўрганишга қизиқувчи кенг китобхонлар оммаси учун муҳим манба вазифасини ўташини алоҳида таъкидлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Киевдан муносабат: Туркистон саммитида Ўзбекистон билдирган ташаббуслар ТДТ интеграциясини янада юксалтиради

Германиядан муносабат: ТДТ Евроосиёда муҳим геоиқтисодий ҳамкорлик платформасига айланмоқда


