Бугун дунёда: Хорижий ОАВ шарҳи қисқа сатрларда

Май 19, 2026. 16:15 • 5 дақ

1
Бугун дунёда: Хорижий ОАВ шарҳи қисқа сатрларда

Конго ДРда Эболадан вафот этганлар сони 100 нафардан ошди

Эбола эпидемияси оқибатида Конго Демократик Республикасида камида 118 киши ҳалок бўлди, 390 дан ортиқ одам касалликка чалинишда гумон қилинмоқда. Конго ДР ҳукуматига кўра, қурбонлар сони ортишидан ташқари, касаллик кенгроқ ҳудудларга тарқалмоқда. Угандада ҳам Эболага чалиниш бўйича иккита тасдиқланган ҳолат ва битта ўлим қайд этилган. Эболанинг ҳозирги штамми Бундибугё вируси билан боғлиқ бўлиб, унга қарши тасдиқланган дори воситалари ёки вакциналар мавжуд эмас.  

Манба: BBC

***

АҚШдаги масжидда отишмада беш киши ҳалок бўлди

АҚШнинг Сан-Диего шаҳридаги Ислом марказида содир бўлган отишма оқибатида беш киши ҳалок бўлди. Қурбонлар орасида икки нафар гумонланувчи ҳам бор. Ҳодиса Калифорния штатидаги Сан-Диего Ислом марказида, округдаги энг йирик масжидда содир бўлган.

Манба: Deutsche Welle

***

Трамп уч давлат етакчисининг илтимоси билан Эронга ҳужумларни қолдирган

 АҚШ президенти Дональд Трамп учта давлатнинг илтимоси сабабли Эронга қарши 19 май куни амалга оширилиши режалаштирилган ҳужумларни қолдирганини айтган. Оқ уй раҳбарининг таъкидлашича, ҳужумларни қолдиришига, Қатар амири Тамим бин Ҳамад Ол Соний, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ва БАА президенти Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаённинг мурожаатлари сабаб бўлган.

Манба: Truth Social

 ***

Хорватия президенти Исроилнинг янги элчисини тасдиқлашдан бош тортди

Хорватия президенти Зоран Миланович “Исроилнинг амалдаги ҳукумати юритаётган сиёсат” туфайли унинг Загребдаги янги элчисини тасдиқлашдан бош тортди. Хорватия президенти Исроилнинг Ғазога қарши урушини ашаддий танқид қилувчилардан бири ҳисобланади. У Исроил “ёзилмаган қоида”ни бузиб, таклиф этилаётган элчисини розилик олмасдан туриб эълон қилганини таъкидлади. Миланович илгари дипломатик амалиётга мувофиқ бу масала бўйича жамоатчилик олдида изоҳ беришдан ўзини тийиб келганини айтди.

Манба: Al Jazeera  

***

Россия Украинанинг энг йирик портига зарба берди

19 май куни Россия ҳаво ҳужуми оқибатида Украинанинг Измаилдаги порт инфратузилмаси зарар кўрди. Маҳаллий расмийларга кўра, Дунай дарёсидаги энг йирик Украина портларидан бири ҳисобланган Измаил стратегик аҳамиятга эга ҳудуд бўлиб, у тез-тез ҳужумларга учраб келмоқда. Ҳужум оқибатида порт иншоотлари шикастланган, бироқ қурбонлар ёки жиддий вайронагарчиликлар қайд этилмаган.

Манба: Reuters

***

Қирғизистонда давлат хизматчилари миллий либосда юриши мумкин

 Қирғизистонда амалдорлар янги “миллий форма” кийишни бошлаши мумкин. Вазирлар Маҳкамаси раиси Одилбек Қосималиев Маданият вазирлигига миллий услубдаги форма дизайнини ишлаб чиқишни топширди. Қосималиевнинг таъкидлашича, келажакда давлат хизматчилари миллий услубдаги махсус форма кийиши мумкин бўлади. Шунингдек, иссиқ ёз ойларида уларга галстук ва костюмсиз ишлашга рухсат берувчи фармон ҳам чиқарилган. Бироқ протокол тадбирлари ва халқаро учрашувлар учун белгиланган дресс-код ўзгаришсиз қолади. 

Манба: Kaktus.Media

***

Бангладешда қизамиқдан 459 бола ҳалок бўлди

Бангладешда қизамиқ касаллиги кескин тарқалиб кетди. Жорий йилнинг март ойи ўрталаридан буён касаллик оқибатида 459 нафар бола вафот этган. 18 май куни яна олти нафар боланинг ўлими қайд этилган. Улардан бирининг ўлими расман қизамиқ билан боғлангани тасдиқланган, қолган беш ҳолат эса касаллик билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги айтилмоқда. Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Бангладешда қизамиқдан ўлимнинг 75 та лаборатория тасдиқлаган ҳолати ва 384 та гумон қилинаётган ҳолат қайд этилган.

 

  Манба: Daijiworld Media

 ***

Эрон уранни АҚШга эмас, Россияга топширмоқчи

Эрон маълум шартлар асосида бойитилган уранни Россияга топширишга рози бўлди. Маълумотларга кўра, Теҳрон ядровий дастурини тўлиқ тугатиш ўрнига уни узоқ муддатга музлатишга рози бўлган. Бунинг эвазига тахминан 400 килограмм юқори бойитилган уран АҚШга эмас, балки Россияга топширилиши керак.

Манба: Al Hadath   

***

Путин Хитой халқига мурожаат қилди

Россия Президенти Владимир Путин Хитойга ташрифи арафасида Хитой халқига мурожаат қилди. Россия етакчиси икки давлат вакилларининг мунтазам ўзаро ташрифлари муҳимлигини таъкидлаб, Россия ва Хитой ўртасидаги қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланганининг 25 йиллигига тўхталган.

Манба: Kremlin

   ***

“Эпштейн иши” бўйича янги қурбонлар аниқланди

Францияда одам савдоси бўйича олиб борилаётган тергов доирасида америкалик молиячи Жеффри Эпштейннинг қурбонига айланган тахминан 20 нафар шахс аниқланди. Уларнинг 10 нафари эҳтимоли янги қурбон ҳисобланади. Париж бош прокурори Лора Бекконинг айтишича, февраль ойида жабрланувчилардан идорага келиб, ўзи ҳақида маълумот бериш сўралган. Бу иш бўйича 20 га яқин жабрланувчи мурожаат қилган.

Манба: Euronews

***

Эрон олий раҳнамосининг соғлиғи бўйича янги маълумот берилди

АҚШ ва Исроил ҳужумлари оқибатида жароҳатланган Эрон олий раҳнамоси Можтаба Хоманаийнинг соғлиғи ҳақида маълумот берилди. Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Ҳусайн Керманпурга кўра, Хоманаийнинг олган жароҳатлари унинг ташқи кўринишига таъсир қилмаган.

Манба: IRNA 

***

Илон Маск OpenAIʼга қарши суд ишида ютқазди

Калифорния суди Илон Маскнинг OpenAI ва унинг бош директори Сем Алтманга қарши даъвосини рад этди. Ҳакамлар ҳайъати ишни бир овоздан рад этди, чунки Маск даъво муддати тугаганидан кейин иш қўзғатган. Суднинг қарори OpenAI учун муҳим ғалаба сифатида баҳоланмоқда. Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, бу компаниянинг қиймати 1 триллион долларгача етиши мумкин бўлган IPO жараёнига йўл очади.

Манба: Reuters

***

Туркияда бир эркак 6 кишини отиб ташлади

Туркиянинг Мерсин вилоятида 37 ёшли эркак ов қуроли билан одамларни отиб ташлади. Ҳужум оқибатида 6 киши ҳалок бўлди, 8 киши жароҳатланди. Воқеа Мерсин вилоятининг Чамлияйла туманида содир бўлган. Гумонланувчи эркак собиқ турмуш ўртоғи билан жанжаллашган ва унга ўзининг ов милтиғи билан ўқ узган. Аёл воқеа жойида вафот этган. Шундан сўнг, гумонланувчи бошқа бир одамни ўлдиришни кўзлаб Тарсус туманига йўл олган. У ерда аввалдан низоси бўлган шахсга тегишли ресторанга бостириб кириб, бир нечта кишига қарата ўт очган. Ҳужум оқибатида ресторан эгаси ва ходим оғир яраланган.

Манба: Haberler

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш