Тошкентда “CAITME 2026” халқаро кўргазмаси иш бошлади
Сентябрь 08, 2026. 15:30 • 2 дақ
• 130ТОШКЕНТ, 8 сентябрь. /“Дунё” АА/. Бугун “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида 17-Марказий Осиё халқаро тўқимачилик ускуналари – CAITME 2026 кўргазмаси иш бошлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Кўргазмада Хитой, Туркия, Германия, Италия, Ҳиндистон, Австрия, Бельгия, Буюк Британия, Испания, БАА, АҚШ, Швейцария, Япония ва бошқа давлатлар қатори 18 мамлакатдан 250 дан зиёд компания ва брендлар қатнашмоқда. Хорижий иштирокчиларнинг улуши 83 фоизни ташкил этади.
“Ўзэкспомарказ”нинг барча павильонларида тақдим этилган экспозиция йигирув, тўқув ва трикотаж технологиялари, тикувчилик ускуналари, тўқимачиликка ишлов бериш, бўяш ва босма, кимёвий моддалар ва бўёқлар соҳасидаги ечимларни қамраб олган.
Тўқимачилик ишлаб чиқаришини автоматлаштириш, самарадорлигини ошириш ва экологик барқарорлигини таъминлашнинг замонавий технологиялари “CAITME 2026” кўргазмасининг асосий мавзуларидан бири бўлди. Тўқимачилик чиқиндиларини ақлли технологиялар ёрдамида қайта ишлаш ва айланма иқтисодиёт тамойилларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Кўргазма доирасида Европа ва Осиёнинг етакчи тўқимачилик ускуналари ишлаб чиқарувчилари корхоналарни модернизация қилиш, ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва маҳсулот рақобатбардошлигини оширишга оид инновацион ечимларни тақдим этмоқда.
Ташкилотчиларнинг маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистоннинг тўқимачилик саноатига жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажми 2,1 миллиард АҚШ долларини ташкил этган.
Мазкур кўргазма “Global Textile Days” тўқимачилик ҳафталиги доирасида ўтказилмоқда. Дастурдан “TextileExpo Uzbekistan Sourcing Hub” платформасида бўлиб ўтадиган B2B форматидаги учрашувлар ҳам ўрин олган. Мазкур учрашувларда ишлаб чиқарувчилар, импортчилар, дистрибьюторлар, савдо тармоқлари ва электрон тижорат вакиллари ўзаро фикр-мулоҳаза алмашади.
CAITME кўп йиллардан буён Марказий Осиёдаги йирик ихтисослаштирилган майдонлардан бири бўлиб, минтақанинг тўқимачилик ва тикувчилик саноатига замонавий технологиялар, сармоялар ва янги ишбилармон ҳамкорларни жалб этишга хизмат қилмоқда.
Кўргазма 10 сентябрга қадар давом этади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси





