Ўзбекистон Президенти Урганч шаҳридаги Хоразм илғор касбий маҳорат техникуми ҳамда унинг ҳудудида ташкил этилган Касблар шаҳарчаси фаолияти билан танишди

Август 17, 2026. 15:10 • 3 дақ

82
Ўзбекистон Президенти Урганч шаҳридаги Хоразм илғор касбий маҳорат техникуми ҳамда унинг ҳудудида ташкил этилган Касблар шаҳарчаси фаолияти билан танишди

ТОШКЕНТ, 17 август. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун Урганч шаҳридаги Хоразм илғор касбий маҳорат техникуми ҳамда унинг ҳудудида ташкил этилган Касблар шаҳарчаси фаолияти билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, мамлакатимизда меҳнат бозори талабларига мос, замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада касбий таълимни иш берувчилар эҳтиёжи билан уйғунлаштириш, илғор хорижий тажрибани жорий этиш ва дуал таълимни кенгайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Урганч шаҳрида ташкил этилган Хоразм илғор касбий маҳорат техникуми ана шу мақсадларга хизмат қилади. Муассасани барпо этиш учун давлат бюджетидан 72,4 миллиард сўм ажратилган. 5,2 гектар майдонда 1 минг 100 ўринга мўлжалланган иккита ўқув биноси, 300 ўринли ётоқхона, спорт зали, 200 ўринли ошхона ҳамда замонавий жиҳозланган иккита ўқув устахонаси қурилган.

Техникумда Германия, Швейцария, Буюк Британия, Хитой ва Жанубий Кореянинг илғор таълим дастурлари асосида ўқитиш йўлга қўйилган. Дуал таълим тизими назарий билимларни бевосита ишлаб чиқариш амалиёти билан боғлаш имконини беради.

2026–2027 ўқув йили учун 11 та касб йўналиши бўйича 200 нафар иқтидорли ёш имтиҳон асосида саралаб олинган. Таълим жараёни иш берувчилар билан ҳамкорликда ташкил этилиб, битирувчиларнинг эгаллаган касби бўйича иш билан таъминланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек ўқинг

Техникум Хоразм вилоятидаги бошқа касбий таълим муассасалари учун ҳам замонавий амалий база вазифасини ўтайди. Ҳудуддаги таълим муассасаларининг қарийб 4 минг 300 нафар ўқувчиси бу ердаги устахона ва лабораторияларда амалиёт ўтайди. Бундай илғор касбий маҳорат техникумларини Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа ҳудудларда ҳам босқичма-босқич ташкил этиш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари муассаса ҳудудидаги Касблар шаҳарчасини ҳам кўздан кечирди. Бу ерда ёшларнинг қизиқиши ва қобилиятини эрта аниқлаш, уларни муайян касбларга йўналтириш учун шароит яратилган.

Касблар шаҳарчасида “Ўзинг ясаб кўр” тамойили асосида ўқувчилар турли замонавий ускуналар билан бевосита ишлаб, амалий кўникмалар ҳосил қилади. Транспорт ва логистика, саноат ва қурилиш, сервис, қишлоқ хўжалиги ҳамда “яшил” энергетика каби меҳнат бозорида талаб юқори бўлган йўналишлар қамраб олинган.

Мажмуа йирик иш берувчи корхоналар билан ҳамкорликда фаолият юритади. Бу ёшларни касбга йўналтиришдан тортиб, уларга амалий кўникма бериш ва келгусида бандлигини таъминлашгача бўлган ягона тизимни шакллантиришга хизмат қилади.

Президентимиз ёшларни замонавий меҳнат бозори талаб қилаётган касбларга сифатли ўқитиш, таълим дастурларини иш берувчилар эҳтиёжига мослаштириб бориш ва бундай тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш