Тошкентда наркотаҳдидларга қарши курашишга бағишланган тадбирда қарийб 3 тонна гиёҳвандлик воситалари йўқ қилинди
Июнь 26, 2026. 14:00 • 3 дақ
• 88ТОШКЕНТ, 26 июнь. /“Дунё” АА/. Пойтахтимизда “Жаҳондаги наркотаҳдидлар: долзарб муаммолар, янги чақириқлар ва уларни бартараф этишнинг инновацион ёндашувлари” мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу анжуман 26 июнь – Халқаро гиёҳвандлик воситаларини суиистеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш куни муносабати билан ташкил этилди.
Тадбирда Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар устидан назорат қилиш бўйича давлат ва ҳудудий комиссиялар аъзолари, мутасадди давлат органлари, жамоат ташкилотлари раҳбарлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакиллари, мутахассислар ва экспертлар, халқаро ташкилотлар ва ҳамкор тузилмалар вакиллари, республикадаги дипломатик корпус ва консуллик муассасалари вакиллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Конференцияда Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси Оператив бошқарув бўлими ҳамда Европа Иттифоқининг Марказий Осиёда гиёҳвандлик воситалари тарқалишининг олдини олиш дастури (CADAP-8) раҳбарлари сўзга чиқди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу тадбир нафақат гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг амалий ифодаси, балки халқаро ва маҳаллий ташкилотлар ҳамкорлигидаги ўзаро ишонч ва бирдамлик муҳитини намоён этувчи муҳим ташаббусга ҳам айланди.
Тадбир давомида БМТ Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Афғонистон, Марказий Осиё, Эрон ва Покистон бўйича минтақавий ваколатхонаси ходими Саломе Флорес хоним 2025 йилда дунёда кузатилган наркотиклар билан боғлиқ вазият тўғрисидаги ҳисобот тақдимотини ўтказди.
Шунингдек, анжуманда гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашга муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ давлат идоралари ходимлари ва жамоатчилик вакиллари “Наркотикларга қарши курашиш фидойиси” кўкрак нишони, йил давомида гиёҳвандликка қарши тарғибот ишларида иштирок этган фаоллар эса “Тарғибот аълочиси” мукофоти билан тақдирланди.
Бундан ташқари, тадбирда ўтган бир йил мобайнида Ўзбекистон ҳудудида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ноқонуний муомаладан олинган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, кучли таъсир қилувчи дори воситалари ва прекурсорларни йўқ қилиш маросими онлайн тарзда намойиш этилди.
Давлат хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, жорий йилда 2 тонна 963,61 кг гиёҳвандлик воситалари, жумладан, 1 тонна 348,79 кг марихуана, 649,64 кг гашиш, 101,43 кг кўкнор, 426,35 кг опий, 78,37 кг героин, 225,88 кг синтетик наркотиклар, 83,98 гр кокаин, 197,51 гр гашиш мойи, 0,04 гр психотроп моддалар, 71,08 кг кучли таъсир қилувчи моддалар ва 54 кг прекурсорлар, шундан 152,5 гр калий перманганат ҳамда 53,88 кг хлорид кислотаси ёқиш орқали йўқ қилинган.
Мазкур анжуман Ўзбекистон халқининг гиёҳвандликка қарши курашдаги қатъий иродаси ва мустаҳкам позициясини яна бир бор намоён этиб, жамият учун муҳим рамзий қадам бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




