Ҳиндистондан муносабат: Ўзбекистон Президенти раислигида ўтказилган кенгайтирилган йиғилиш мамлакатнинг дипломатик корпуси учун бурилиш нуқтаси бўлди
Январ 19, 2026. 08:10 • 2 дақ
• 178
ДЕҲЛИ, 19 январь. /“Дунё” АА/. Ҳиндистоннинг “Vivekananda” халқаро жамғармаси илмий ходими, доктор Правеш Кумар Гупта “Дунё” АА мухбирига берган интервьюсида давлатимиз раҳбари томонидан 15 январь куни Ўзбекистон дипломатлари олдига қўйилган долзарб вазифалар аҳамияти ҳақида фикр билдирди:
– Президент Шавкат Мирзиёев раислигида яқинда бўлиб ўтган йиғилиш Ўзбекистон дипломатик корпуси учун муҳим бурилиш нуқтаси бўлди. Глобал геосиёсий кескинлик кучайган, минтақавий ва ички ислоҳотларга таҳдидлар юзага келган бир шароитда, мамлакат ўз ташқи сиёсатини танқидий қайта кўриб чиқиб, янги йўналишларни белгиламоқда.
Ташқи сиёсий фаолият концепциясини янгилаш, иқтисодий дипломатияни кучайтириш ҳамда экспорт, инвестиция, туризм ва легал меҳнат миграцияси соҳаларида аниқ натижаларга эришиш зарурлигига эътибор қаратар экан, Ўзбекистон Президенти прагматик “йўл харитаси”ни тақдим этди. Ушбу режа халқаро майдонда беқарорлик ортиб бораётган шароитда мамлакат миллий манфаатларига тўлиқ жавоб беради.
Ҳиндистон нуқтаи назаридан қараганда, Марказий Осиёда кўп томонлама ҳамкорлик ва минтақавий барқарорлик тамойилларига умумий содиқликни инобатга олсак, ушбу ташаббус катта хайрихоҳлик билан кутиб олинади. Ўзбекистоннинг ҳуқуқий қўллаб-қувватлашни кучайтириш ва проактив консуллик ёрдамини кўрсатиш орқали хориждаги ўз фуқароларини фаол ҳимоя қилишга қаратаётган алоҳида эътибори, айниқса, Европа ва Яқин Шарқ каби минтақаларда миграция билан боғлиқ муаммолар кучайган бир даврда муҳим бўшлиқни тўлдирмоқда.
Элчилар олдига амалий кўрсаткичларни таъминлаш, хусусан, асосий бозорларга экспорт ҳажмини икки баравар ошириш ёки АҚШ билан мавсумий ишчилар учун визалар бўйича музокаралар олиб бориш каби талабларнинг қўйилиши дипломатиянинг натижадорликка йўналтирилганини англатади. Бундай ёндашув ривожланаётган иқтисодиётга эга бошқа давлатлардаги шу каби ислоҳотлар учун намуна бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, йиғилишда глобал трансформацияларга, жумладан, иқтисодий ўзгаришлар ва минтақавий зиддиятларга мослашишга берилган урғу Ўзбекистонни БМТ ва “Марказий Осиё плюс” мулоқот форматлари каби майдонларда проактив иштирокчи сифатида намоён этмоқда.
Бу эса Ҳиндистон каби ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади, чунки Ўзбекистоннинг мақсадлари “яшил” энергетика, рақамли трансформация ва инфратузилма соҳаларидаги мавжуд имкониятлар билан ҳамоҳангдир.
Умуман олганда, ушбу кўрсатмалар нафақат Ўзбекистоннинг халқаро обрўсини мустаҳкамлайди, балки барқарор ривожланиш учун замин яратади ва яқин йилларда икки томонлама ҳамда кўп томонлама ҳамкорликни чуқурлаштиришга бўлган ишончни мустаҳкамлайди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
