Туркманистонда Ўзбекистоннинг туристик имкониятларига бағишланган брифинг бўлиб ўтди

Июль 26, 2026. 12:30 • 2 дақ

38
Туркманистонда Ўзбекистоннинг туристик имкониятларига бағишланган брифинг бўлиб ўтди

АШХОБОД, 26 июль. /“Дунё” АА/. Туркманистон пойтахтида Ўзбекистоннинг бой сайёҳлик салоҳияти ва икки мамлакат ўртасидаги туризм соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларига бағишланган брифинг бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Туркманистон Маданият вазирлигининг туризм бошқармаси, сайёҳлик компаниялари, оммавий ахборот воситалари ҳамда соҳа вакиллари иштирок этди.

Брифингда Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти, бой тарихий-маданий мероси ва замонавий сайёҳлик инфратузилмаси ҳақида тақдимотлар ўтказилди. Иштирокчиларга Буюк Ипак йўли цивилизациясининг муҳим марказлари ҳисобланган Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Термиз ва Шаҳрисабз шаҳарлари бўйлаб туристик йўналишлар таништирилди. Ушбу шаҳарларнинг ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилгани ҳамда жаҳон цивилизациясида тутган ўрни алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, мамлакатимизда экотуризм, зиёрат, тиббий, гастрономик, MICE ва экстремал каби йўналишларни жадал ривожлантиришга қаратилган ишлар ҳақида маълумот берилди. 2030 йилгача мўлжалланган Туризмни ривожлантириш стратегияси доирасида визасиз режим географияси кенгайтирилгани, транспорт ва меҳмонхона инфратузилмаси модернизация қилинаётгани, рақамли хизматлар жорий этилаётгани, янги туристик маршрутлар ва кластерлар шакллантирилаётгани таъкидланди.

Тақдимот давомида Марказий Осиё мамлакатлари Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар оқимида етакчи ўринларни эгаллаётгани қайд этилди. Хусусан, 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистондан энг кўп туристлар ташриф буюрган бўлса, Россия, Афғонистон, Хитой, Туркманистон, Туркия, Ҳиндистон ва Германия ҳам асосий туристик бозорлар қаторидан ўрин олгани маълум қилинди.

Шунингдек ўқинг

Тадбирда “Uzbekistan.travel” портали, “UzTourism” мобил иловаси, интерактив хариталар, виртуал 3D-турлар ва электрон гидлар каби рақамли ечимлар хорижлик сайёҳлар учун саёҳатларни режалаштириш ва ташкил этишни сезиларли даражада енгиллаштираётгани қайд этилди.

Бундан ташқари Марказий Осиё давлатлари билан қўшма туристик маршрутларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилиниб, Туркманистон билан “Хива – Кўҳна Урганч – Ашхобод – Мари – Бухоро” трансчегаравий туристик йўналишини йўлга қўйиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.

Брифинг якунида туркманистонлик туроператорлар Ўзбекистонга туристлар оқимини кўпайтириш, ўзаро туристик алмашинувни кенгайтириш ва мамлакатимиздаги истиқболли туризм лойиҳаларида иштирок этишга таклиф этилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш