“Вечерний Бишкек”: Ўзбекистон илм-фан ва таълим йўналишида минтақавий ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Июль 27, 2026. 11:00 • 2 дақ
• 54
БИШКЕК, 27 июль. /“Дунё” АА/. Қирғизистоннинг оммабоп “Вечерний Бишкек” нашрида Ўзбекистонда илм-фан, таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бошқарма бошлиғи Фазлиддин Мўминовнинг фикр-мулоҳазалари келтирилган.
Мутахассиснинг таъкидлашича, сўнгги йилларда таълим, илм-фан ва инновациялар Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг муҳим омилига айланди. Академик алмашинувлар, қўшма тадқиқотлар ва таълим дастурлари инсон капитали ривожига хизмат қилмоқда.
Ўзбекистоннинг яхши қўшничилик сиёсати туфайли минтақада ишонч муҳити шаклланди. Бугунги кунда давлатлар таълим, илм-фан, маданият ва инновациялар соҳаларида ҳамкорликни изчил ривожлантирмоқда.
Олий таълим соҳасида университетлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар, академик алмашинувлар, қўшма таълим дастурлари ва илмий тадқиқотлар устувор йўналишга айланди. Ўзбекистон олийгоҳларида Марказий Осиё давлатларидан 3 020 нафар талаба таҳсил олаяпти, уларнинг 384 нафари Қирғизистон фуқароси ҳисобланади. Шунингдек, ҳар йили қўшни давлат ёшлари учун 20 тадан давлат гранти ажратилаяпти.
Ҳамкорликнинг ёрқин намунаси сифатида Чирчиқ шаҳрида Жанубий Қозоғистон университетининг филиали очилди. Шунингдек, Олмаота шаҳрида сув ресурсларини бошқариш ва аграр инновациялар бўйича мутахассислар тайёрлайдиган қўшма таълим лойиҳаси йўлга қўйилди.
Нашрда ёзилишича, академик мобиллик талабалар ва олимларга янги билим ва тажриба орттириш, халқаро илмий лойиҳаларда иштирок этиш имконини яратмоқда. Нефть ва кимё муҳандислиги, филология, психология, менежмент ҳамда бошқа йўналишларда қўшма таълим ва илмий лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Туркий дунёда ягона интеллектуал макон шаклланиб бормоқда. Университетлар ва илмий марказлар янги авлод мутахассисларини тайёрлаш, қўшма тадқиқотлар ва таълим ташаббусларини ривожлантиришда муҳим ўрин тутаяпти.
Келгусида ўзбек тилини хорижликлар учун замонавий усулларда ўқитиш тизимини ривожлантириш, гуманитар алоқаларни кенгайтириш ва мамлакатнинг илмий-таълим салоҳиятини янада ошириш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Таълим, илм-фан ва халқаро ҳамкорликка йўналтирилган инвестициялар минтақа барқарор тараққиёти ва ягона интеллектуал маконни шакллантиришнинг мустаҳкам асосини яратаяпти.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси