Ўзбекистонда Британия стандартлари бўйича малакаларни баҳолаш марказларини ташкил этиш режалаштирилмоқда
Май 28, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 12
ЛОНДОН, 28 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўринбосари Алишер Муратов бошчилигидаги делегация хизмат сафари билан Буюк Британияга борди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф давомида юртимиз делегацияси вакиллари Буюк Британиянинг соҳадаги етакчи тузилмалари, жумладан, “GEMS Education”, “City & Guilds”, “Apave PPL Training”, “Gatwick International Distribution”, “ECT Engineering College” ҳамда Гринвич университети раҳбарияти билан қатор учрашувлар ўтказди.
Музокаралар давомида Ўзбекистондаги касбий малакани баҳолаш марказларини (сантехника, пайвандлаш, электриклик ва бошқа техник йўналишлар бўйича) халқаро андозалар ва Буюк Британия талаблари асосида аккредитациядан ўтказиш масаласи муҳокама қилинди.
Шунингдек, турли касб йўналишлари бўйича халқаро баҳолаш ва ўқитиш стандартларини биргаликда ишлаб чиқиш ҳамда юртимизда ушбу тизимни жорий этиш бўйича ўзига хос пилот лойиҳасини ҳаётга татбиқ этиш истиқболлари ҳақида тўхталиб ўтилди.
Музокараларнинг муҳим амалий натижаси ўлароқ, Ўзбекистон Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Буюк Британиянинг нуфузли “City & Guilds” ташкилоти ўртасида ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.
Мазкур ҳужжат асосида яқин истиқболда юртимизда “City & Guilds” стандартлари асосида фаолият юритадиган махсус малака баҳолаш марказларини ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




