Берлинда ўзбек тили ва маданияти маркази лойиҳаси иш бошлади
Май 28, 2026. 09:10 • 3 дақ
• 116БЕРЛИН, 28 май. /“Дунё” АА/. Германия пойтахтида Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва маданияти маркази пилот лойиҳа сифатида ўз фаолиятини бошлади, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонаси ташаббуси билан ташкил этилган мазкур марказ ушбу давлатда истиқомат қилаётган ватандошларимиз фарзандларига она тили, миллий маданият, тарихий мерос ва қадриятларимизни ўргатишга қаратилган.
Берлинда иш бошлаган марказ нафақат болаларга ўзбек тилини ўргатиш, балки уларни халқимизнинг бой маънавий мероси, урф-одатлари ва миллий қадриятлари билан яқиндан таништиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, лойиҳа Германиядаги ватандошларимизни Ватанимиз нуфузини хорижда янада юксалтириш йўлида умумий мақсад атрофида бирлаштиришни кўзда тутади.
Курслар 7 ёшдан 15 ёшгача бўлган болаларга мўлжалланган бўлиб, машғулотлар кичик ёшдаги ўқувчилар ва ўсмирлар гуруҳларига ажратилган ҳолда ташкил этилди. Биринчи дарсларда 20 нафардан ортиқ бола иштирок этди.
Илк машғулотлар миллий маданиятимиздаги саломлашиш одоблари, ўзбек ва немис маданий муҳитидаги ўзига хос жиҳатлар, шунингдек, Ўзбекистон давлат рамзларига бағишланди. Болалар дарслар давомида она тилида мулоқот қилиш, миллий анъаналарнинг мазмун-моҳиятини англаш ҳамда Ўзбекистон ҳақидаги билимларини бойитиш имконига эга бўлдилар.
Шу куни ота-оналар учун ҳам давра суҳбати ташкил этилди. Унда ёш авлодга ўзбек тилини ўргатиш, уларни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ва хорижда вояга етаётган фарзандларнинг Ватан билан маънавий ришталарини мустаҳкамлашда оила ҳамда жамоатчиликнинг ўрни хусусида фикр алмашилди.
Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва маданияти марказининг расмий очилиш маросимини Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллигига бағишлаб жорий йилнинг сентябрь ойида ташкил этиш кўзда тутилган. Марказнинг иш бошлаши Германияда яшаётган ватандошларимиз, айниқса, ёш авлод учун муҳим маданий-маърифий воқеълик бўлди. Унинг фаолияти болалар қалбида она тилига меҳр, миллий меросга эҳтиром ва мамлакатимиз билан фахрланиш туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Ватандош, немис тили ўқитувчиси Ўғилой Примова:
- Мамлакатимиз элчихонаси ташаббуси билан фарзандларимиз учун Алишер Навоий номидаги тил ва маданият Маркази пилот лойиҳа сифатида иш бошлаганидан жуда мамнунмиз. Тил ва маданиятимиз, урф-одатларимизни болаларимизга ўргатиш жуда муҳим, деб ўйлайман. Қаерда яшашимиздан қатъий назар, миллий маданиятимизни ривожлантиришимиз керак ва ушбу ташаббусдан жуда мамнунмиз. Биз ватандошлар ҳам ушбу марказнинг шаклланишига ўз ҳиссамизни қўшишга тайёрмиз. Ушбу лойиҳа келажакда фарзандларимизга ўзбек тилини ўрганиш ва миллий қадриятларимиз, маданиятимизни болажонларимиз қалбига сингдиришга асос бўлади, албатта. Фарзандларимиз бу ерда ватанимиз тили ва маданиятини ўрганиш, ўзаро дўст орттиришларидан жуда мамнунмиз.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси









