Бельгияда шифокорлар ва ўзбек дипломатларининг саъй-ҳаракатлари туфайли оғир хасталанган Ўзбекистон фуқаросининг ҳаёти сақлаб қолинди
Май 27, 2026. 14:25 • 2 дақ
• 72
БРЮССЕЛЬ, 27 май. /“Дунё” АА/. Бельгияда оғир хасталикни бошдан кечирган ва узоқ муддат даволанган Самарқанд вилояти Ургут туманида туғилган Ўзбекистон фуқароси В.А. ватанига муваффақиятли қайтарилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу фуқаро Нидерландияда қурилиш соҳасида меҳнат фаолиятини олиб бораётган вақтида, ўткир тиш инфекцияси пайтида малакали тиббий ёрдам сўраб ўз вақтида мурожаат қилмагани оқибатида келиб чиққан оғир яллиғланиш жараёни туфайли соғлиғида жиддий асоратлар пайдо бўлган.
Брюссель шаҳри орқали Ўзбекистонга кетаётган вақтда В.А.нинг аҳволи тўсатдан кескин ёмонлашган. У зудлик билан Брюсселдаги Сент-Люк университет клиникасига ётқизилган ва у ерда шифокорлар беморнинг аҳволини критик деб ташхислашган.
Клиника мутахассислари томонидан иккита мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Узоқ вақт давомида бемор ўпкаcи сунъий шамоллатиш аппаратига уланган ва ҳушсиз ҳолатда, жонлантириш бўлимида ўта оғир аҳволда бўлган.
Бемор шифохонага ётқизилган лаҳзадан бошлаб Ўзбекистон элчихонаси ходимлари касалхона маъмурияти, даволовчи шифокорлар ва фуқаронинг қариндошлари билан доимий алоқани йўлга қўйганлар. Элчихона томонидан зарур консуллик ва ташкилий чора-тадбирлар ташкил этилиб, даволаниш жараёни ва ундан кейин фуқаронинг Ўзбекистонга қайтиши ҳар томонлама кузатиб борилган.
Сент-Люк клиникаси тиббий ходимларининг юқори профессионаллиги, ўз вақтида кўрсатилган ёрдам ҳамда Бельгия шифокорлари ва ўзбек дипломатларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли фуқаронинг ҳаётини сақлаб қолишга муваффақ бўлинди. Узоқ давом этган даволаниш ва реабилитация курсидан сўнг унинг аҳволи барқарорлашди, бу эса Ўзбекистонга хавфсиз қайтишини ташкил этиш имконини берди.
Ҳозирги вақтда В.А. Ўзбекистонда бўлиб, ўз оиласи даврасида соғлиғини тиклаш ва даволанишни давом эттирмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




