Варшавада ватандошлар билан Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган учрашув бўлиб ўтди
Август 31, 2026. 11:54 • 2 дақ
• 25ВАРШАВА, 31 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонасида мамлакат мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси раиси, сенатор Қудрат Рафиқовнинг “Миллат Шавкати” китоби тақдимотига бағишланган маданий-маърифий учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Польшада истиқомат қилаётган ватандошлар, жумладан, тадбиркорлар, олимлар, йирик IT ва молия институтлари мутахассислари, талабалар ҳамда репатриация дастури доирасида мамлакатга доимий яшаш учун кўчиб ўтган фуқаролар иштирок этдилар.
Учрашув давомида Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар акс этган “Миллат Шавкати” китоби тақдим этилди. Ушбу нашр сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги ўзгаришлар, шунингдек, халқ фаровонлиги ва инсон қадрини юксалтиришга қаратилган чора-тадбирлар билан чуқурроқ танишиш имконини бериши таъкидланди.
Иштирокчиларга, шунингдек, давлат ва жамият бошқарувини такомиллаштириш, замонавий инфратузилмани ривожлантириш, шаҳарларни ободонлаштириш, Марказий Осиёда яхши қўшничилик ва Ўзбекистоннинг прагматик ташқи сиёсатини амалга ошириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Китоб ватандошларда катта қизиқиш уйғотди. Очиқ мулоқот чоғида элчихона вакиллари берилган саволларга жавоб қайтардилар.
Тадбирнинг давоми сифатида Ўзбекистон Президентининг мамлакат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан байрам табриги ва концерт дастури намойиш этилди.
Иштирокчиларнинг алоҳида эътиборини давлат раҳбарининг таълим сифатини ошириш ва замонавий билим ҳамда касбий кўникмаларга эга янги авлод мутахассисларини тайёрлаш бўйича ташаббуслари жалб этди. Ватандошлар еттита миллий дастурни амалга ошириш, юқори технологиялар ва меҳнат унумдорлигини ошириш асосида иқтисодиётни янада ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистоннинг тинчлик, дўстлик ва бағрикенглик мамлакати сифатидаги халқаро нуфузини мустаҳкамлаш режаларини қизиқиш билан қабул қилдилар.
Якунда меҳмонлар учун ўзбек миллий қўшиқлари ва мусиқа асарлари ижро этилган концерт дастури ҳамда миллий таомлардан иборат байрам дастурхони ёзилди, бу эса иссиқ ва дўстона муҳит яратишга хизмат қилди.
Бу каби тадбирларнинг ўтказилиши Ўзбекистоннинг хориждаги ватандошлар билан алоқаларини мустаҳкамлаш, миллий ўзликни сақлаш ва Польшадаги ўзбек жамоаси билан конструктив ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




