Токиода ўзбекистонлик тиббиёт мутахассисларини Японияда ўқитиш масалалари муҳокама қилинди
Август 31, 2026. 10:30 • 2 дақ
• 112
ТОКИО, 31 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов Япония соғлиқни сақлаш, меҳнат ва фаровонлик вазири ўринбосари Хиромаса Ники билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда соғлиқни сақлаш, тиббий кадрларни тайёрлаш, фармацевтика ва иқтисодиёт соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, Япониянинг Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган халқаро тадбирлардаги иштироки масалалари кўриб чиқилди.
Икки мамлакат соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида ўзаро англашув меморандумини тайёрлаш ҳамда ўзбекистонлик тиббиёт мутахассисларини Япониянинг етакчи муассасаларида ўқитиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, томонлар Токусима префектурасида маҳаллий ҳокимият органлари, ишбилармон доиралар вакиллари ва салоҳиятли инвесторлар иштирокида икки томонлама бизнес-форум ўтказиш юзасидан фикр алмашди.
Музокаралар якунида соғлиқни сақлаш ва тиббиёт соҳаларидаги ҳамкорлик бўйича мунтазам ишчи мулоқотни давом эттиришга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси