Варшавада Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги нишонланди
Сентябрь 22, 2026. 16:00 • 2 дақ
• 76ВАРШАВА, 22 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси томонидан мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тантанали маросимда Польша ҳукумати ва парламенти аъзолари, дипломатик корпус, ишбилармон доиралар, жамоатчилик ва ОАВ вакиллари ҳамда ватандошлар иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Раҳимжон Ҳакимов бошчилигидаги парламент делегацияси ҳам қатнашди.
Учрашув давомида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, мамлакатнинг очиқ ва конструктив ташқи сиёсати ҳамда Ўзбекистон–Польша муносабатларини янада ривожлантириш истиқболлари ҳақида сўз юритилди.
Польша ташқи ишлар вазири ўринбосари Войцех Зайончковский Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги тараққиёти ҳақида сўз юритиб, икки давлат ўртасидаги юқори даражадаги алоқалар жадал ривожланаётганини таъкидлади.
Маросимда Ўзбекистон–Польша муносабатларини ривожлантиришга ҳисса қўшган поляк сиёсатчилари, бизнес ва маданият намояндаларига элчихонанинг махсус миннатдорчилик ёрлиқлари топширилди.
Тадбир доирасида миллий концерт, ҳунармандчилик кўргазмаси ҳамда “Babacio”, “Aisha Home”, “IMIR”, “Samo Textile” каби ўзбек брендлари маҳсулотлари намойиш этилди.
Дўстона руҳда ўтган тадбир икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




