Афинада Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган байрам бўлиб ўтди
Сентябрь 19, 2026. 16:00 • 2 дақ
• 46АФИНА, 19 сентябрь. /“Дунё” АА/. Афина шаҳрида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир Ўзбекистоннинг Римдаги элчихонаси дипломатлари томонидан Греция-Евроосиё ассоциацияси президенти Ксенофонт Ламбракис билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Тантанали маросим Афинадаги Америка майдонида жойлашган “STUDIO New Star Art Cinema” кинотеатрида ўтказилди ва Греция жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотди.
Маданий кеча давомида Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, миллий анъаналари, ўзига хос мусиқа ва рақс санъатига алоҳида эътибор қаратилди. Дастур Греция жамоатчилигига мамлакатимизнинг ранг-баранг маданияти билан танишиш имконини берди ҳамда икки мамлакат ўртасидаги гуманитар алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилди.
Тадбирнинг ёрқин лаҳзаларидан бири Ўзбекистон “Шарқ садолари” фольклор ансамблининг чиқиши бўлди. Жамоа миллий рақслар, анъанавий ўзбек қўшиқлари ва мусиқий композицияларини ижро этди. Дастур давомида, шунингдек, таниқли ўзбек хонандаси Суннатилло Достон ҳам чиқиш қилди.
Греция-Евроосиё ассоциацияси президенти Ксенофонт Ламбракис жамоатчиликнинг тадбирга бўлган қизиқишидан мамнунлигини билдириб, тадбирни ташкил этиш ва ўтказишда иштирок этган ва ўз ҳиссасини қўшган барчага миннатдорлик билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

