Минскда Ўзбекистон–Беларусь парламентлараро форумига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди
Сентябрь 22, 2026. 16:30 • 2 дақ
• 68
МИНСК, 22 сентябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Нуриддин Мамажонов ҳамда Беларусь Миллий мажлиси Республика Кенгашининг Халқаро ишлар ва миллий хавфсизлик бўйича доимий комиссияси раиси Сергей Алейник ўртасида учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
Унда бўлажак парламентлараро форумга тайёргарлик кўриш масалалари диққат марказида бўлди,
Жорий йилнинг 29–30 сентябрь кунлари Хива шаҳрида бўлиб ўтадиган анжуманда икки мамлакат вакиллари нафақат парламентлараро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қиладилар, балки иқтисодий соҳада янги келишувларга эришиш, бир қатор битим ва тижорат шартномаларини имзолашни ҳам режалаштирмоқдалар.
Минскдаги музокаралар Хива форуми олдидан томонларнинг позицияларини мувофиқлаштириш ҳамда ҳамкорликнинг кейинги устувор йўналишларини белгилаб олиш имконини берди.
Суҳбат чоғида саноат кооперациясини кенгайтириш, ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш ҳамда савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада фаоллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Беларусь Республика Кенгашининг Халқаро ишлар ва миллий хавфсизлик бўйича доимий комиссияси раиси Сергей Алейник таъкидлаганидек, парламентлар икки давлат раҳбарлари томонидан эришилган келишувларни амалиётга татбиқ этишда бевосита кўмаклашиши лозим. Шу сабабли парламентлараро мулоқот фақат расмий учрашувлар билан чекланиб қолмай, амалий хусусият касб этмоқда.
Шунингдек, учрашув давомида маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма тадбирларни ташкил этиш ва бу йўналишдаги алоқаларни изчил фаоллаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси