АҚШда ўзбек ижодкорининг кўргазмаси намойиш этилмоқда
Май 22, 2026. 11:25 • 3 дақ
• 84
ВАШИНГТОН, 22 май. /“Дунё” АА/. АҚШдаги нуфузли маданий муассасалардан бири – Смитсон институтининг Осиё миллий санъати музейида таниқли ўзбек рассоми ва режиссёри Саодат Исмоилованинг “Қуёшга сингиб кетган” номли илк кўргазмаси намойиш қилинмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” мухбири.
Ватандошимизнинг ушбу кўргазмасида видеоинсталляциялар, фотосуратлар ва музейнинг тарихий коллекцияларидан танланган ноёб экспонатлар ўрин олган. Экспозиция томошабинларга Марказий Осиёнинг бой тарихи, маданий хотираси ва замонавий бадиий қарашлари билан танишиш имконини беради.
Музей директори Чейз Робинсоннинг таъкидлашича, Саодат Исмоилова ижоди шахсий хотира ва тарихий воқеаларни уйғунлаштириб, тарихга бошқача назар ташлашга ундайди. Унинг фикрича, мазкур кўргазма Осиё халқлари тарихи ва маданиятини кенгроқ тарғиб қилишга қаратилган муҳим ташаббуслардан бири ҳисобланади.
Кўргазмада “18,000 Worlds” (“18 минг олам”) видеоси кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Унда 1920 йилларга оид Марказий Осиё архив кадрлари Қозоғистондаги космик мажмуа ва Ўзбекистондаги йирик қуёш печи тасвирлари билан уйғунлаштирилган. Асарда минтақа тарихи ва замонавий тараққиёти ўртасидаги боғлиқлик таъсирчан услубда акс этган.
“Her Right” (“Унинг ҳаққи”) асари эса ўзбек аёлларининг эркинлик ва ҳуқуқлар учун курашига бағишланган. Унда эски ўзбек фильмлари кадрлари замонавий мусиқий композициялар билан бирлаштирилган.
Кўргазманинг асосий инсталляцияси бўлган “Melted into the Sun” фильми VIII асрда яшаган ва “Ниқобли зот” номи билан машҳур бўлган Ал-Муқанна образини замонавий талқинда намоён қилади. Асарда тарихий вайроналар ва индустриал манзаралар орқали тарих, мифология ва бугунги цивилизация ўртасидаги муносабатлар ёритилган.
“The Letters” (“Мактублар”) туркумида эса рассом оила аъзолари портретларини шеърлар, диний матнлар ва турли тиллардаги шахсий фикрлар билан уйғунлаштирган. Бу ишлар инсон хотираси, авлодлар давомийлиги ва маданий мерос мавзуларини чуқур очиб беради.
Кўргазма учун музей коллекциясидан XIX асрга оид ноёб ўзбек матоси ҳам танлаб олинган. Улар ўзбек амалий санъатининг ёрқин намунаси сифатида намойиш этилмоқда.
1981 йилда Ўзбекистонда туғилган Саодат Исмоилова ҳозирда Париж ва Тошкент шаҳарларида ижод қилади. У Тошкент давлат санъат институти ва Франциядаги Замонавий санъат миллий студиясини тамомлаган. 2021 йилда у Марказий Осиё замонавий санъатини ривожлантиришга қаратилган “Davra” платформасига асос солган.
У 2022 йилда Венеция биенналеси ҳамда халқаро кўргазмада иштирок этган. Шунингдек, бир қатор халқаро мукофотларга сазовор бўлган.
Бугунги кунда унинг асарлари “Tate Modern”, “Centre Pompidou”, “Victoria”, “Albert” каби дунёга машҳур музей ва галереялар коллекцияларидан ўрин олган.
Таҳлилчилар фикрича, мазкур кўргазма нафақат ўзбек замонавий санъатининг халқаро нуфузини оширади, балки Марказий Осиёнинг бой маданий мероси ва замонавий бадиий тафаккурини жаҳон жамоатчилигига кенгроқ танитишга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




