Бангкокда Ўзбекистон туризм имкониятларига бағишланган семинар ўтказилди
Май 22, 2026. 11:55 • 2 дақ
• 39БАНГКОК, 22 май. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Бангкокдаги Бош консулхонаси томонидан “Ипак йўли дарвозаси” мавзусида семинар ўтазилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Centrum Air” авиакомпаниясининг Таиланддаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ушбу мамлакатнинг етакчи туризм компаниялари ва агентликлари вакиллари иштирок этди.
Тадбир давомида қатнашчиларга Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, хорижлик сайёҳлар учун яратилган замонавий инфратузилма ва қулай шарт-шароитлар ҳақида маълумот берилди.
Ўзбекистон бош консули Фахриддин Султанов таиландлик сайёҳлар учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган тарихий обидалар, буюк аждодларимиз мақбаралари, миллий маданият ва санъат намуналари ҳақида сўз юритди. У Таиланд фуқаролари учун Ўзбекистон визасини расмийлаштириш тартиби анча соддалаштирилганини таъкидлади.
Дипломат транспорт логистикаси масалаларига ҳам тўхталиб, бугунги кунда “Centrum Air” томонидан Бангкок ва Пхукет шаҳарларидан Тошкентга ҳафтасига олтита тўғридан-тўғри авиақатнов амалга оширилаётганини қайд этди.
Таъкидланишича, ўн йил аввал Ўзбекистон авиация бозорида фақат битта миллий авиакомпания фаолият юритган бўлса, бугун соҳада амалга оширилган ислоҳотлар натижасида маҳаллий авиаташувчилар сони ўнтадан ошган. Бу эса рақобат муҳитини кучайтириб, хорижлик сайёҳлар учун мамлакатга саёҳат қилишни янада қулайлаштирмоқда.
Семинар давомида Самарқанд, Бухоро ва Тошкент шаҳарларининг диққатга сазовор жойлари ҳақида инглиз ва тай тилларида тайёрланган видеороликлар намойиш этилди. Айниқса, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятига бағишланган тақдимот иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Тадбир якунида таиландлик туроператорлар ўртасида лотерея ўтказилиб, ғолибларга “Centrum Air” авиакомпаниясидан Бангкок–Тошкент–Бангкок йўналиши бўйича бепул авиачипталари тақдим этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Япониянинг Нарита шаҳридаги кўргазмада Ўзбекистоннинг туризм ва маданий салоҳияти намойиш этилди

“Travel World”: Ҳиндистон Ўзбекистон туризм соҳасининг ўсиши учун асосий стратегик бозор ҳисобланади







