Вашингтонда “Ўзбекистон туризм куни” фестивали ўтказилди
Май 04, 2026. 16:55 • 2 дақ
• 363ВАШИНГТОН, 4 май. /“Дунё” АА/. АҚШ пойтахтида “Passport DC – Жаҳон элчихоналари бўйлаб саёҳат” лойиҳаси доирасида “Ўзбекистон туризм куни” фестивали ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирни ўтказишдан асосий мақсади – америкаликларга Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятларини кўрсатиш, миллий маданият ва анъаналарни тарғиб қилиш, юртимизда 2026 йил 1 январдан жорий этилган визасиз тартиб ҳақида маълумот беришдан иборат бўлди.
Бу йилги фестивалда Вашингтондаги 72 та дипломатик миссия иштирок этди. Унда 20 мингдан ортиқ маҳаллий аҳоли ва хорижий меҳмонлар қатнашди. Ўзбекистон элчихонаси эса энг кўп ташриф буюрилган жойлардан бирига айланиб, бир кунда қарийб 15 минг нафар меҳмонни қабул қилди.
Тадбир давомида меҳмонларга Ўзбекистоннинг сайёҳлик ва гастрономик имкониятлари, бой тарихи ва маданий мероси ҳақида тақдимотлар намойиш қилинди. Шунингдек, миллий рақслар, жонли мусиқа, анъанавий либослар кўргазмаси ва халқ ўйинлари тақдим этилди.
Меҳмонлар учун махсус тайёрланган дастур орқали Ўзбекистон ҳақидаги маълумотлар “Passport DC” мобил иловасида ҳам тақдим этилди. Тадбир ижтимоий тармоқларда фаол ёритилиб, кўплаб иштирокчилар ўз таассуротлари ва фотосуратлари билан бўлишди.
Маданий дастур доирасида ўзбек миллий рақслари, жумладан, муножот ва лазги ижро этилди, меҳмонларга ўзбек миллий таомлар тортиқ қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



