Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти Туркиядаги 1,5 мингдан ортиқ савдо нуқталарида намойиш этилмоқда
Август 08, 2026. 16:00 • 2 дақ
• 38
ИСТАНБУЛ, 8 август. /“Дунё” АА/. Туркиянинг етакчи маиший техника ишлаб чиқарувчиларидан бири — “Arçelik” компаниясининг мамлакат бўйлаб жойлашган савдо нуқталарида Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини тарғиб қилувчи видеороликлар намойиш этилмоқда, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси ташаббуси ва “Arçelik” компанияси билан ўтказилган музокаралар натижасида компаниянинг Туркия бўйлаб жойлашган шоурумлари ва савдо дўконларидаги телевизор экранларида мамлакатимизнинг туристик имкониятларини акс эттирувчи видеолавҳаларни намойиш этиш йўлга қўйилди.
Уларда Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқон, Тошкент каби тарихий шаҳарларнинг диққатга сазовор масканлари, шунингдек, Ўзбекистоннинг бетакрор табиати ва сайёҳлик йўналишлари акс эттирилган.
Компания тармоғи 81 вилоятда 1,5 мингдан ортиқ савдо нуқтасини қамраб олган бўлиб, тарғибот материаллари мазкур тармоқнинг барча объектларига жойлаштирилган.
Мазкур ташаббус Ўзбекистоннинг тарихий-маданий мероси ва сайёҳлик имкониятларини кенг тарғиб қилиш, турк жамоатчилиги ҳамда хорижий меҳмонларни мамлакатимизга саёҳат қилишга қизиқтириш ва икки давлат ўртасида туризм соҳасидаги алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси