Жанубий Кореяда ўзбек ёшлари учун “Заковат” интеллектуал ўйини бўлиб ўтди
Июнь 02, 2026. 11:55 • 2 дақ
• 2
СЕУЛ, 2 июнь. /“Дунё” АА/. Жанубий Кореядаги ўзбекистонлик ёшлар ўртасида “Заковат” интеллектуал мусобақаси ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон элчиси Алишер Абдусаломов Жанубий Кореяда истиқомат қилаётган ўзбек ёшларининг фаоллиги ва ташаббускорлигидан мамнунлигини билдириб, бундай интеллектуал-маданий тадбирлар билим ва тафаккурни синовдан ўтказиш, дўстона алоқаларни ривожлантириш ҳамда икки халқ ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Шу билан бирга, ёшлар ташаббусини қўллаб-қувватлаш Ўзбекистон давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани қайд этилиб, элчихона бу каби лойиҳаларни амалга оширишда бундан буён ҳам ҳар томонлама кўмаклашиши қайд этилди.
Тадбирнинг асосий мақсади ёшларнинг интеллектуал фаоллигини рағбатлантириш, уларнинг касбий ва дўстона алоқаларини кенгайтиришдан иборат бўлди.
Мусобақа давомида иштирокчилар ўзларининг юксак билим ва салоҳиятини намоён этди. “Заковат” ўйинида берилган мантиқий саволлар ва зукколикни синовдан ўтказувчи топшириқлар мусобақанинг янада қизғин ва муросасиз руҳда ўтишига хизмат қилди.
“Заковат” ўйинининг ўтказилиши Жанубий Кореядаги ўзбек ёшларининг фаол ижтимоий позицияси, уларнинг ҳамкорликка, ўзаро ёрдамга ва дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга интилишининг ёрқин намунасига айланди. Тадбир мазмунли мулоқот, билим ва тажриба алмашиш учун самарали майдон вазифасини ўтади. Шунингдек, у ўзбек ҳамжамиятининг умумий интеллектуал ва маданий қадриятлар атрофида янада жипслашишига хизмат қилди.
Тадбир доирасида иштирокчиларга ўзбек миллий таомлари тортиқ этилди. Бу эса тадбирга ўзига хос меҳмондўстлик руҳини бағишлаб, маданий бирдамликни янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшди.
Иштирокчиларнинг фикрича, бундай ташаббуслар ёшларнинг интеллектуал ва ижтимоий салоҳиятини рўёбга чиқаришда, хориждаги ўзбек жамоат бирлашмалари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




