Покистон оммавий ахборот воситалари Ўзбекистондаги “Меҳр” гуманитар операцияларининг якунлари ҳақида ёзмоқда
Июнь 02, 2026. 10:55 • 3 дақ
• 31ИСЛОМОБОД, 2 июнь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “Daily Spokesman” газетаси, “The World News” ва “Infora News” электрон нашрларида Ўзбекистондаги “Меҳр” гуманитар операцияларининг етти йиллик якунларига бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) бўлим бошлиғи Тимур Аҳмедов қаламига мансуб мазкур мақолада ёзилганидек, Янги Ўзбекистоннинг замонавий тарихида мамлакат фуқаролари дунёнинг қайси чеккасида бўлмасин уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш энди шунчаки конституциявий мажбурият эмас, балки давлатнинг инсонпарварлиги ва масъулиятининг олий намоёнига айланган. Бу йўлдаги энг мураккаб, аммо стратегик жиҳатдан муҳим синовлардан бири Сурия, Ироқ ва Афғонистондаги қуролли можаролар зоналаридан ватандошларни қайтариш бўлди.
“Ўзбекистон дунёда биринчилар қаторида “бегоналаштириш” сиёсатидан “қайтариш ва марҳамат” сиёсатига ўтиб, ноёб реабилитация моделини яратди, – дея таъкидлаган муаллиф. – Бундай биринчи гуманитар операция роппа-роса етти йил аввал – 2019 йил 30 майда – Президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсий топшириғи билан амалга оширилди. Ўша миссия давомида уруш домида қолган Суриядан 156 нафар Ўзбекистон фуқароси – асосан аёллар ва болалар – Ватанга қайтарилди”.
Ўшандан бери умумий номи “Меҳр” деб аталган гуманитар операциялар силсиласи бошланди. Ҳар бир миссия ўзининг логистикаси, хавф даражаси ва қайтарилаётган шахслар тоифаси жиҳатидан ноёб бўлди. СМТИ эксперти таъкидига кўра, 2019 йил октябрь ойида амалга оширилган “Меҳр-2” операциясининг ўзига хослиги шундаки, Ўзбекистон оналари хорижий қамоқхоналарда жазони ўтаётган 64 нафар боланинг тўлиқ васийлигини ўз зиммасига олди.
“2020 йил декабрь ойида, жаҳон миқёсидаги пандемиянинг қаттиқ карантин чекловларига қарамай, “Меҳр-3” миссияси доирасида Суриянинг “Ал-Хол” ва “Рож” лагерларидан, оғир санитария шароитидан 98 нафар аёл ва бола қутқариб олинди. “Меҳр-4” гуманитар операцияси 2021 йил февраль ойида ташкил этилди. Афғонистон йўналишидаги бу миссия мамлакат чегаралари яқинидаги узоқ чўзилган уруш гирдобида қолган 24 нафар фуқаронинг қайтишини таъминлади. “Меҳр-5” операциясининг якунловчи босқичи 2021 йил апрель ойида амалга оширилиб, Суриядан 92 нафар киши – 24 нафар аёл ва 68 нафар бола, улардан 7 нафари мутлоқ етим – Ватанга олиб келинди”, – деб хабар қилган муаллиф.
Нашрларда маълум қилинганидек, жами “Меҳр” операциялари натижасида 530 дан ортиқ киши қайтарилди, уларнинг тахминан 75 фоизини болалар ташкил этади. Бу борада асосий тамойил ўзгармасдан қолмоқда: болалар ота-оналарининг хатоси учун жавоб бермайди.
Покистон ОАВ, шунингдек, Ўзбекистон фуқароларини можаролар зоналаридан репатриация қилиш натижалари халқаро ҳамжамият томониданенг муваффақиятли гуманитар моделлардан бири сифатида эътироф этаётганини ёзган. БМТ “Ўзбек моделини” бошқа ҳукуматлар учун йўл харитаси сифатида расман тавсия этди.
Мақолалар муаллифнинг “Ўз фуқаролари олдида чегараларни ёпишни афзал кўрганлардан фарқли ўлароқ, Ўзбекистон раҳбарияти масъулият йўлини танлади. Ўзбекистон тажрибаси шуни тасдиқлайди: давлат ёрдам қўлини чўзганида, жамият мустаҳкамроқ бўлади ва хавфсизлик бузилмас бўлиб қолади. Ўзбекистоннинг бу соҳадаги шиори аниқ: “Болалар террорчи бўлиб туғилмайди” ва ҳар бир ўзбекистонлик доимо ўз Ватанининг ҳимоясида бўлади”, – деган хулосаси билан якунланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Туркия ёшлари Ота Юрт – Ўзбекистонни зиёрат қилиб, маданий-маънавий мерос билан танишди

“Orient” АА: Ўзбекистон ва Ҳиндистон ЖСТга аъзолик бўйича музокараларни якунлади




