Покистоннинг етакчи компанияси Ўзбекистонда меҳмонхона бизнесига инвестиция киритмоқчи
Август 10, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 88
ИСЛОМОБОД, 10 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси Алишер Тўхтаев “Khan International Investment Consortium” компанияси бош директори Ҳабиб Хан билан музокара ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот давомида элчи Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, мамлакатда шакллантирилган қулай инвестиция муҳити, хорижий сармоядорлар учун яратилган имкониятлар ҳамда юртимизнинг бой сайёҳлик салоҳияти ҳақида сўз юритди.
Ҳабиб Ханнинг айтишича, “Khan International Investment Consortium” компанияси нафақат Покистонда, балки АҚШда ҳам меҳмонхоналарни бошқариш, уларга хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳаларда муваффақиятли фаолият юритиб келмоқда.
“Биз Ўзбекистондаги йирик меҳмонхоналар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ва АҚШнинг нуфузли “Best Western” халқаро меҳмонхона брендини мамлакатингиз бозорига олиб киришни режалаштирганмиз. Бунинг учун мазкур бренднинг Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритиши бўйича тегишли розилик олинган”, – деди у.
Учрашув давомида Тошкент вилоятида меҳмонхона бизнесини ривожлантириш, кўчмас мулк ва замонавий турар жой мажмуаларини барпо этиш соҳаларига инвестициялар жалб қилиш, “Ўзвиносаноатхолдинг” компанияси билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, Зомин туманида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Мазкур йўналишлардаги ҳамкорлик икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлашга, янги иш ўринларини яратишга хизмат қилиши таъкидланди.
Томонлар муҳокама қилинган истиқболли лойиҳаларни ҳар томонлама ўрганиш ва амалий босқичга олиб чиқиш мақсадида “Khan International Investment Consortium” делегациясининг Ўзбекистонга бизнес-миссиясини ташкил этиш бўйича келишувга эришди.
“Khan International Investment Consortium” оилавий бизнес тузилмаси ҳисобланади. У кўчмас мулк, меҳмонхона бизнеси, электр транспорт воситалари ишлаб чиқариш, энергетика ва қурилиш соҳаларида фаолият юритади. Консорциум АҚШ, Буюк Британия, Хитой ва Покистонда турли бизнес лойиҳаларини амалга оширган ҳамда 24 дан ортиқ меҳмонхонани бошқаради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси