Қозоғистон бош муфтийси I Халқаро ислом цивилизацияси форумида иштирок этди
Июль 09, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 44
ОСТОНА, 9 июль. /“Дунё” АА/. Қозоғистон Мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Науризбай ҳожи Тағанули Ўтпенов бошчилигидаги делегация амалий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Kazislam” порталига таяниб.
Мазкур ташриф Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси Содиқ Тошбоев ҳамда Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдуҳолиқовнинг расмий таклифига биноан амалга оширилди.
Ташриф доирасида делегация Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтган “Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” мавзусидаги I Халқаро ислом цивилизацияси форумида иштирок этди. Ушбу нуфузли анжуман дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатидан қарийб 300 нафар хорижий меҳмонни ўзида жамлади.
Форумда давлат идоралари вакиллари, муфтийлар, олимлар, исломшунос мутахассислар, етакчи музейлар ва кутубхоналар раҳбарлари қатнашди. Анжуман доирасида тўртта конференция, ўнта ялпи мажлис ҳамда ўн бешта тематик сессия ўтказилди.
Муҳокамаларда ҳадисшунослик, калом илми, қадимий қўлёзмаларни асраш, археологик тадқиқотлар, маданий меросни рақамлаштириш ва Ўзбекистонда амалга оширилаётган маънавий-маърифий ислоҳотлар масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Форум доирасида Қозоғистон делегацияси ислом цивилизациясини ривожлантириш, тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш ҳамда икки мамлакатнинг илмий ва диний марказлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси