Дунёнинг “Топ-100” университетлари қаторига кирувчи Манчестер университети билан ҳамкорлик йўлга қўйилади

Август 06, 2026. 15:00 • 2 дақ

69
Дунёнинг “Топ-100” университетлари қаторига кирувчи Манчестер университети билан ҳамкорлик йўлга қўйилади

ЛОНДОН, 6 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Равшан Усманов Буюк Британияни Манчестер университетининг халқаро ҳамкорлик бўйича вице-президенти, профессор Анжелия Уилсон билан учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

 Музокаралар давомида олий таълим, илмий тадқиқотлар ва академик алмашинув соҳаларида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Профессор Анжелия Уилсон университетнинг устувор йўналишлари ҳисобланган ахборот технологиялари ва сунъий интеллект, инженерия, барқарор ривожланиш, тиббиёт ва соғлиқни сақлаш, креатив индустриялар, шунингдек, бизнес ва менежмент соҳаларида Ўзбекистон билан ҳамкорликни йўлга қўйишга катта қизиқиш билдирди.

Шунингдек ўқинг

Ушбу йўналишларда Ўзбекистон билан икки томонлама диплом дастурлари, махсус ўқув курслари ҳамда қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Учрашув якунида Ўзбекистоннинг манфаатдор олий таълим муассасалари билан қўшма таълим лойиҳаларини йўлга қўйиш бўйича амалий ишларни бошлашга келишиб олинди.

Манчестер университети Буюк Британиянинг энг йирик ва етакчи илмий-тадқиқот университетларидан бири бўлиб, мамлакатнинг энг нуфузли таълим муассасаларини бирлаштирувчи “Russell Group” аъзоси ҳисобланади. “QS World University Rankings” рейтингига кўра, университет дунёдаги энг яхши 40 та олий таълим муассасаси қаторига кирган. Университетда 170 дан ортиқ мамлакатдан келган 46 мингдан зиёд талаба таҳсил олади, шунингдек, қарийб 12 минг нафар ходим фаолият юритади. Манчестер университети табиий фанлар, муҳандислик, тиббиёт, бизнес ва гуманитар фанлар соҳаларидаги таълим ва илмий тадқиқотлар сифати билан халқаро миқёсда тан олинган. Университетнинг ҳозирги ва собиқ профессор-ўқитувчилари орасида 26 нафар Нобель мукофоти совриндори мавжуд.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш