Саудия Арабистонида бўлиб турган ёки ушбу мамлакатга боришни режалаштираётган Ўзбекистон фуқаролари диққатига!

Октябрь 09, 2026. 10:30 • 2 дақ

• 4
Саудия Арабистонида бўлиб турган ёки ушбу мамлакатга боришни режалаштираётган Ўзбекистон фуқаролари диққатига!

АР-РИЁЗ, 9 октябрь. / “Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси ватандошларни авиақатновлар жадвалидаги эҳтимолий ўзгаришларни ҳисобга олишга ҳамда эҳтиёткорлик чоралари, тинчлик ва хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишга чақиради, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“Ҳурматли фуқаролар!

Минтақада сақланиб қолаётган кескинлик ҳамда ҳаво қатновлари фаолиятида даврий равишда юзага келаётган ўзгаришларни инобатга олган ҳолда, хорижий давлатларга сафарларни режалаштиришда авиарейслар жадвали, парвоз йўналишлари ва транзит қоидаларига киритилиши мумкин бўлган ўзгаришларни ҳисобга олишингизни сўраймиз.

Саудия Арабистони ҳудудида ички вазият барқарорлигича қолмоқда, жамоат хавфсизлигига таҳдидлар ёки махсус чеклов чоралари қайд этилмаган.

Шу билан бирга, умумий вазиятдан келиб чиққан ҳолда, парвозлар логистикаси, транзит йўналишлари ва кутиш вақтларида юзага келиши мумкин бўлган ўзгаришлар сафар шартлари ва унинг давомийлигига таъсир кўрсатиши, жумладан, парвозларнинг кечикиши, мажбурий равишда бошқа рейсга ўтказилиши ёки парвоз йўналишининг ўзгаришига олиб келиши мумкин.

Саудия Арабистони ва Яман ўртасидаги чегара ҳудудларига яқинлашмаслик, хавфсизлик масалалари бўйича маҳаллий ҳокимият органларининг кўрсатмаларига қатъий риоя қилиш, ҳарбий объектлар, турли ҳодисалар оқибатларини тасвирга олмаслик, текширилмаган маълумотларни тарқатмаслик, расмий ахборот манбаларидан фойдаланиш, шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни доимо ўзингиз билан олиб юриш тавсия этилади.

Зарур ҳолларда, Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги дипломатик ваколатхоналари билан боғланишингизни сўраймиз:

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистоннинг Ар-Риёздаги элчихонаси

Телефон: +966 11 263 52 23, консул: Шухрат Ибрагимов

 +966 56 721 77 31 (Telegram / WhatsApp)

Ўзбекистоннинг Жиддадаги Бош консулхонаси

Телефон: +966 12 607 72 50, консул: Азимжон Кобилжонов

+966 59 439 08 50 (Telegram / WhatsApp).

Барчани эҳтиёткорликка риоя қилиш ҳамда тинчлик ва хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилишга чақирамиз”.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш