Инчхонда Екатерина Цайга Ўзбекистон давлат мукофоти топширилди
Сентябрь 23, 2026. 17:00 • 2 дақ
• 260
ИНЧХОН, 23 сентябрь. /“Дунё” АА/. Жанубий Кореядаги “Инчхон онаси” жамоат ташкилоти раҳбари Екатерина Цайга Ўзбекистон давлат мукофоти – “Шуҳрат” медалини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу мукофот Ўзбекистон Президентининг 2026 йил 17 сентябрдаги ПФ-197-сонли фармонига мувофиқ, Екатерина Цайнинг Ўзбекистон–Корея муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, жамоат ҳаётидаги фаол иштироки, ватандошларни қўллаб-қувватлаши, икки халқ ўртасида дўстлик, ўзаро англашув ва гуманитар алоқаларни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун берилди.
Давлатимиз раҳбари яқинда Сеул шаҳрида ватандошлар билан учрашув чоғида мазкур давлат мукофотини топшириш бўйича ўз таклифини билдирган эди.
Тадбирда Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчиси Алишер Абдусаломов, элчихона дипломатлари, Инчхонда истиқомат қилувчи ватандошлар, маҳаллий ҳокимлик ва парламент вакиллари иштирок этди.
Маросимда Екатерина Цайнинг кўп йиллик жамоатчилик фаолияти, ватандошларни қўллаб-қувватлаш, маҳаллий идоралар билан ҳамкорлик қилиш ва маданий-ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишдаги ҳиссаси эътироф этилди.
Екатерина Цай давлат мукофотини нафақат шахсий эътироф, балки Жанубий Кореядаги ўзбек жамоатчилиги фаолиятига берилган юксак баҳо сифатида қабул қилишини таъкидлади.
У Ўзбекистон–Корея Республикаси гуманитар ва маданий алоқаларини янада ривожлантириш, ватандошларни қўллаб-қувватлаш ҳамда жамоат ташаббусларини амалга оширишда фаол иштирок этишини билдирди.
Тадбир иштирокчилари Екатерина Цайнинг икки мамлакат жамоатлари ўртасида ўзаро англашув ва дўстликни мустаҳкамлашга қўшиб келаётган ҳиссасини алоҳида қайд этди.
Тантанали маросим Ўзбекистон ва Жанубий Корея халқлари ўртасидаги жамоатчилик, маданий ва гуманитар алоқаларни янада ривожлантиришга қаратилган ҳамкорликнинг муҳим намунаси бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси