Франкфурт-Майн шаҳрида Ўзбекистон фуқароларини Германия меҳнат бозорига тартибли ва хавфсиз жалб этиш масалалари муҳокама қилинди

Июнь 08, 2026. 09:25 • 2 дақ

122
Франкфурт-Майн шаҳрида Ўзбекистон фуқароларини Германия меҳнат бозорига тартибли ва хавфсиз жалб этиш масалалари муҳокама қилинди

ФРАНКФУРТ-МАЙН, 8 июнь. /“Дунё” АА/. Франкфурт-Майн шаҳри Савдо-саноат палатасида Ўзбекистон фуқароларини Германия меҳнат бозорига тартибли ва хавфсиз жалб этишни кенгайтириш масалаларига бағишланган учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Палатанинг халқаро муносабатлар бўйича директори доктор Юрген Ратцингер раислигида ўтган йиғилишда Германия томонидан ташкилот масъуллари ва мамлакатнинг хизмат кўрсатиш соҳасидаги энг йирик тузилмаларидан бири — “WISAG” компанияси раҳбарияти иштирок этди. Ўзбекистон томонидан тадбирда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигининг Германия бўйича фахрий вакили Гулнора Салимова ва вице-консул Бекзод Абдуллаев қатнашдилар.

Мулоқот давомида Ўзбекистонда кадрларни Германия меҳнат бозори талабларига мос тайёрлаш, тил ўргатиш ва ташкилий тарзда ишга жойлаштириш бўйича амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Ўз навбатида, “WISAG” компанияси вакили Небойша Бискуп ҳозирги кунда немис корхоналарида муваффақиятли меҳнат қилаётган ўзбекистонлик ишчиларнинг малакаси, одоби ва интизомига юқори баҳо бериб, ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқиш билдирди.

Шунингдек ўқинг

Шу билан бирга, учрашувда мутахассисларга Германия визасини расмийлаштириш жараёни узоқ вақт олаётгани ва бу ҳолат иш суръатига салбий таъсир кўрсатаётгани қайд этилиб, палата вакиллари ушбу муаммони бартараф этиш чораларини кўришни таклиф қилдилар.

Учрашув якунида немис тилини ўзлаштирган ўзбекистонлик мутахассислар ҳақидаги маълумотларни хорижий ҳамкорларга тақдим этиш юзасидан дастлабки келишувга эришилди. Шунингдек, немис томони юртдошларимизга Германия визасини расмийлаштиришда юзага келаётган тизимли муаммоларни ўрганиб, уларни ҳал этиш чораларини кўриб чиқишини маълум қилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш