Ўзбекистон–Покистон: чарм саноатида янги истиқболли инвестиция лойиҳалари амалга оширилади

Июнь 08, 2026. 09:55 • 3 дақ

92
Ўзбекистон–Покистон: чарм саноатида янги истиқболли инвестиция лойиҳалари амалга оширилади

ИСЛОМОБОД, 8 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистоннинг йирик чарм маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “Shafiq Brothers” компанияси раҳбари Нажиб Улла билан видеоконференцалоқа шаклида музокара ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий кооперацияни янада кенгайтириш, хусусан, чарм саноатида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистонда қорамол, қўй ва эчки териларини тўлиқ ва ярим тайёр ҳолатда қайта ишлаш, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда уларни ички ва ташқи бозорларга етказиб бериш имкониятлари кўриб чиқилди.

Нажиб Улланинг айтишича, у Ўзбекистон бозори билан узоқ йиллардан буён ҳамкорлик қилиб келмоқда. Хусусан, 2012 йилда мамлакатда тери хомашёсининг экспорт-импорт операцияларига ихтисослашган “Khawar Enterprises” компанияси ташкил этилган.

“Сўнгги йилларда Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектлари, айниқса, хорижий инвесторлар учун яратилган қулай ишбилармонлик муҳити, солиқ ва божхона имтиёзлари, инвестицияларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар компаниянинг мамлакатдаги фаолиятини кенгайтиришга туртки бўлди. Шу муносабат билан, 2021 йилда Тошкент шаҳрида “Pak Charm” компанияси ташкил этилиб, дастлабки босқичда тери хомашёсидан “wet blue” маҳсулотини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди”, – дейди у.

Шунингдек ўқинг

Покистонлик тадбиркор, компания томонидан мазкур корхона учун хориждан тахминан 200 минг АҚШ доллари қийматидаги замонавий технология ва ускуналар олиб келинганини билдирди. Мазкур корхона қисқа вақт ичида самарали фаолият юритиб, ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг қарийб 40 фоизини ички бозорга, қолган 60 фоизини эса ташқи бозорларга экспорт қилишга эришган.

Компания раҳбари ҳозирги кунда ишлаб чиқариш қувватларини янада кенгайтириш ва корхонани Тошкент шаҳридан кўчириш устида иш олиб бораётганини маълум қилди. Хусусан, келгусида кунига 3 минг донагача қорамол ва қўй терисини қайта ишлаш имкониятига эга замонавий корхонани ишга тушириш режалаштирилмоқда. Янги лойиҳа доирасида чарм қўлқоплар, қишки кийимлар ва бошқа тайёр чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши, ушбу маҳсулотларни МДҲ мамлакатлари ҳамда бошқа хорижий бозорларга экспорт қилиш назарда тутиляпти.

Томонлар мазкур инвестиция лойиҳасини Тошкент вилояти ҳудудига жойлаштириш имкониятларини кўриб чиқди. Вилоятнинг қулай логистик имкониятлари, меҳнат ресурслари, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун мавжуд шароитлар ҳақида сўз юритилди.

Музокаралар якунида покистонлик инвестор ушбу таклифни қўллаб-қувватлашини билдириб, лойиҳани амалий жиҳатдан тезлаштириш мақсадида Ўзбекистонга хизмат сафари билан боришга тайёр эканини маълум қилди.

Мазкур лойиҳанинг тўлиқ ишга туширилиши Ўзбекистон чарм саноатининг рақобатбардошлигини ошириш, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш даражасини кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва экспорт ҳажмини кўпайтиришга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш